FIFA Жаҳон чемпионатигача янги қоидаларни жорий қилмоқчи
Спорт
−
27 Март 1500 1 дақиқа
FIFA 2026 йилги Жаҳон чемпионатида амал қиладиган янги қоидаларни жорий этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Marca” нашри хабар берди.
Ташкилот томонидан бир қатор ўзгаришлар таклиф этилган. Унга кўра, алмаштирилаётган футболчи майдонни 10 сония ичида тарк этиши керак бўлади. Агар ушбу вақт ошиб кетса, унинг ўрнига тушадиган ўйинчи майдонга тушишдан олдин қўшимча вақт кутишга мажбур бўлади.
Шунингдек, жамоаларга тўпни ўйинга киритиш (ён чизиқдан ташлаш ёки дарвозадан зарба бериш) учун 5 сониядан ортиқ вақт берилмайди.
Яна бир ўзгаришга кўра, футболчи тиббий ёрдам олганидан сўнг (агар ҳолат интизомий жазога боғлиқ бўлмаса) камида бир дақиқа майдон ташқарисида бўлиши лозим.
Бундан ташқари, видео ёрдамчи ҳакам (VAR) тизими қўлланиладиган ҳолатлар кенгайтирилиши мумкин, хусусан, баҳсли бурчак зарбалари ва иккинчи сариқ карточкалар билан боғлиқ вазиятларда ҳам фойдаланиш эҳтимоли кўриб чиқилмоқда.
Янги қоидаларга мувофиқ, эндиликда фақат сардорлик боғичини таққан футболчигина ҳакам билан бевосита мулоқот қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Маълумот учун, 2026 йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилги Жаҳон чемпионати вақтида айрим мамлакатлар мухлислари ва футболчилари АҚШга кириш учун сайёҳлик визасини олишда 15 минг доллар миқдорида депозит тўлаши талаб қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси