FIFA Миср мураббийи ва икки вакилини дисквалификация қилди

Спорт

−

image

FIFA Интизом қўмитаси Миср терма жамоаси бош мураббийи Ҳуссам Ҳасан, унинг укаси ва жамоа менежери Иброҳим Ҳасан ҳамда ярим ҳимоячи Мустафо Зикони Жаҳон чемпионатида Аргентинага қарши ўйиндан кейинги хатти-ҳаракатлари учун дисквалификация қилди. Бу ҳақда Миср футбол ассоциацияси (EFA) хабар берди.

Жорий йилнинг 7 июль куни бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатининг 1/8 финал учрашувида Миср терма жамоаси Аргентинага 2:3 ҳисобида мағлуб бўлган. Мисрликлар 79-дақиқага қадар икки гол фарқи билан олдинда бораётган эди.

58-дақиқада бош ҳакам Франсуа Летексье VAR тизими орқали вазиятни қайта кўриб чиққач, Марван Атиянинг голини бекор қилган. Ҳакам голдан олдин қоида бузилганини қайд этган. Қўшимча вақтда эса Миср терма жамоаси мураббийлар штаби аъзоси Сафан Эль-Сағирга қизил карточка кўрсатган.

Учрашувдан кейин Ҳуссам Ҳасан ҳакамликни “қасддан қилинган коррупция” деб атаган. Мустафо Зико эса ҳакам Мисрга қарши қарор чиқариш учун майдонга тушгандек таассурот қолдирганини билдирган.

FIFA қарорга кўра, Зико бешта ўйинга, Ҳуссам Ҳасан ва Иброҳим Ҳасан эса учтадан ўйинга дисквалификация қилинган.

Миср футбол ассоциацияси FIFA Интизом қўмитасидан қарорларнинг батафсил сабаблари ва ҳуқуқий асосларини тақдим этишни сўраган. Ассоциация бу ҳужжатларни ўрганиб чиққач, амалдаги қоидаларга мувофиқ апелляция бериш масаласини кўриб чиқишини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг