FIFA Ғазода футболни қайта тиклашга ёрдам беради
Спорт
−
14 Октябрь 2025 1663 2 дақиқа
Кеча, 13 октябрь куни FIFA президенти Жанни Инфантино Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳрида бўлиб ўтган тинчлик саммитида иштирок этди. Саммитда Инфантино Ғазода вайрон бўлган футбол инфратузилмасини қайта тиклашга ёрдам беришини маълум қилди.
Инфантино саммитда 20 дан ортиқ давлат етакчилари билан бирга қатнашиб, Ғазода футболни тиклаш, янги спорт майдонларини қуриш ва ёшлар дастурларини қўллаб-қувватлаш орқали минтақада барқарорликка ҳисса қўшишини таъкидлади.
“FIFA учун бу жараёнда иштирок этиш, ёрдам бериш ва тинчлик ўрнатилишига ўз ҳиссасини қўшиш жуда муҳим. Футбол қўллаб-қувватлаш, бирлаштириш ва умид бериш воситаси бўлиши керак”, дейди Инфантино.
Унинг сўзларига кўра, FIFA Фаластин футбол ассоциацияси (PFA) билан ҳамкорликда Ғазодаги вайрон бўлган стадион ва майдонларни қайта қуради. Шунингдек, “FIFA Аренас” лойиҳаси орқали мини-майдонлар барпо этилади ҳамда янги авлод футболчилари учун имкониятлар яратилади.
“Футбол болаларга умид бахш этади ва бу ҳозир жуда муҳим. Биз бошқа халқаро ҳамкорларни ҳам бу ташаббусга қўшилишга чақирамиз”, дейди FIFA раҳбари.
Шу билан бирга, PFA бир неча маротаба FIFA'га мурожаат қилиб, Исроил клубларининг ишғол остидаги Фаластин ҳудудларида фаолият юритаётганини инобатга олиб, Исроилни мусобақалардан четлаштиришни сўраган. Бироқ FIFA бу масалани ҳали тўлиқ кўриб чиқмаган. FIFA вице-президенти Виктор Монтальянининг сўзларига кўра, PFA мурожаати ҳозирча ҳуқуқий бўлимда кўриб чиқилмоқда ва якуний қарор кейинчалик Кенгаш томонидан қабул қилинади.
“Масала ҳали ҳал этилмаган. Таҳлил тугаллангач, кенгаш уни муҳокама қилади ва зарурат бўлса, тегишли қарор қабул қилинади”, дейди Монтальяни.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 октябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Мисрнинг Шарм-ал-Шайх шаҳрида ўтган саммитда минтақадаги бошқа раҳбарлар – Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан бирга Ғазо бўйича тинчлик келишувини имзолаганди.