Фестиваллар ўтказиш кўчани асфальт қилишдан кўра муҳимроқ – Озодбек Назарбеков (видео)
Жамият
−
29 Август
15962Маданият вазири Озодбек Назарбеков фестиваллар ўтказиш кўчани асфальт қилишдан муҳим эканини айтди. Бу ҳақда у 26 август кунидан 30 август кунигача бўлиб ўтадиган “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими давомида журналистларга берган интервьюсида сўз очди.
“Сизлар кўп савол берасизлар бизга: мақом фестивали қиляпсизлар, бахшчилик, ҳунармандлар фестиваллари қиляпсизлар. Булар керакми? Ундан кўра асфальт қилган яхшимасми, деган миллионта ҳар хил фикрлар бор. Лекин ҳозир бу, кечирасиз-у, битта кўчани асфальт қилгандан кўра муҳимроқ. Чунки инсон маданиятига таҳдид бостириб келяпти, шунинг учун бунақа фестивалларга 3−5 млрд сўм ишлатиш, менимча, инсонни асраб қолишда жуда муҳим. Маданият вазири сифатида бунга асфальтдан ҳам муҳимроқ, бошқа нарсалардан ҳам ўта муҳим бўлган масала, деб қарайман”, дейди Озодбек Назарбеков.
Маълумот учун, маросимда UNESCO, TURKSOY, Туркий маданият ва мерос фонди, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва бошқа ташкилотлардан фахрий меҳмонлар иштирок этмоқда. Умуман, бу йилги фестивалда 80 га яқин давлатдан 400 нафардан зиёд санъаткор ва олимлар қатнашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Маданият вазири Озодбек Назарбеков одамлар “Овоз” лойиҳасига ажратилаётган маблағларни маломат қилаверишса, ўз уйини сотиб, пулларни давлатга қайтармоқчи экани ҳақда хабар берилганди.