Фермер хўжаликларига машина олишда имтиёз берилади
Жамият
−
21 Ноябрь 2019
7017Фермер хўжаликлари томонидан тегишли сертификатга асосан “Ўзавтосаноат” АЖ тизимидаги корхоналарга мурожаат этилгандан кейин бир ой муддатда шартномалар тузиш якунланади. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мукомаси порталига жойлаштирилган “Пахта хом ашёсини етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарор лойиҳасида келтириб ўтилган.
Пахта хом ашёсини етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимчалар қуйидагиларда иборат:
“б) қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун ажратилган ер майдонларида агротехник тадбирларни амалга ошириш учун таъминотчи ташкилотлар билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали мазкур ер майдонининг ҳар бир гектарига экилган экин тури учун амалдаги технологик карталарда тавсия этилган меъёрлар бўйича дизель ёқилғиси ва минерал ўғитларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан декларация қилинган нархларда (таъминотчи устамаси билан) олдиндан 100 фоиз тўловни амалга оширган ҳолда тегишли шохобчалар орқали харид қилиш. Мазкур имтиёзнинг тақдим этилиши учун “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ тизимидаги нефть унитар корхоналари ҳамда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги “Агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятларининг туман (шаҳар) бўлинмалари масъул ҳисобланади;”;
“д) фермер хўжалигига Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларидан (“Узауто Моторс” АЖ маҳсулоти) хоҳлаган битта моделини фермер хўжалигининг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан пул маблағларини ўтказиш йўли билан навбатсиз шартномавий буюртма бериш орқали харид қилилади. Бунда фермер хўжаликлари томонидан тегишли сертификатга асосан “Ўзавтосаноат” АЖ тизимидаги корхоналарга мурожаат этилгандан кейин бир ой муддатда шартномалар тузиш якунланади ҳамда “Ўзпахтасаноат” АЖ тизимидаги корхоналар томонидан фермер хўжаликларининг пахта якуний ҳисоб-китоб маблағларидан тўлиқ тўлаб берилади. Мазкур имтиёзнинг тақдим этилиши учун “Ўзпахтасаноат” АЖ ва “Ўзавтосаноат” АЖ тизимидаги дилер корхоналар автотранспорт воситасини шартномавий муддатларда етказиб бериш учун масъул ҳисобланади;”.
“15. Туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ҳар йили 25 январга қадар Рўйхат ҳамда берилган хулоса ва сертификатлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ҳисобот тақдим қилинади.”.
“16. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ҳисоботлар фермер хўжаликлари кесимида умумлаштирилиб, ҳар йили 30 январга қадар Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига тегишли ахборот тақдим қилинади.”.
“19. Имтиёзларнинг тақдим қилиниши ҳолати тегишли Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари томонидан доимий равишда ўрганиб борилади. Имтиёзларни тақдим этишда белгиланган тартибнинг бузилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда, тегишли фермерлар кенгашлари томонидан Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига тезкор маълумот тақдим қилинади. Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам, ўз навбатида, имтиёзларни тақдим этишда белгиланган тартибнинг бузилганлиги ҳолатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритади.”.
Шаҳноза Тўрамуротова
LiveБарчаси