Фармон Тошев: Зиёлилар учун жиддий огоҳлантириш бу
Жамият
−
07 Май 2019
9121Zarnews.uz сайтида «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошевнинг рус тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги ташаббусга ўзининг муносабатини билдирди.
– Тўғриси, рус тилига расмий тил мақомини беришга оид мурожаатни ёзиш, эълон қилишдан кўзланган асосий мақсадни билмайман. Аммо шу мурожаатни кенг жамоатчилик, тилимизнинг жонкуярлари учун бир огоҳлантириш сифатида қабул қилдим, – дейди Фармон Тошев. – Огоҳлантиришки, она тилимиз, миллий ўзлигимиз, шаънимизни мустаҳкамроқ асраш, уни фақат қоғозда эмас, одамларнинг кўнглида, онгу шуурида муҳрлаш каби ишлар ўлда-жўлда қолиб кетганини кўрсатиш бу.
Муаллиф шунингдек, она тилимизнинг нуфузини кўтариш мақсадида фалон ишлар қилинди, деб кўп гапирилгани, аммо амалда ҳатто битта дўконнинг пешлавҳасини ҳам ўзбек тилида ёздириш шунчалик аҳамиятсиз нарсага айландики, бу ҳақда оммавий ахборот воситаларидаги минглаб чиқишлар ҳам қоғозда қолиб кетганини эътироф этган.
Публицист Фармон Тошевнинг қуйидаги фикрлари, эътирозлари эса сизни ҳам мулоҳазага чорлаши аниқ.
“Яқинда бир талаба мақола ёзиб келди. «Устоз, - дейди у мақоласини менга узатишдан олдин. – Буни жуда катта бир истиҳола билан ёздим. Тўғриси, сизга беришга ҳам ийманаяпман. Аммо…»
Мақоласини ўқиб чиқдим. “Кўча-кўйда, ташкилотларга у бу масалада борсам, ўзбек тилида гапирсам эътибор ҳам қаратишмайди. Рус тилида фикримни билдирсам, дарҳол муносабат ўзгаради, баъзида ўйланиб қоламан, нега ўзимизни шунчалик хўрлаймиз”, деб ёзган талаба шу фикрларини айтишга ҳам андиша қилиб турибди!
Бу ерда гап миллатчилик, шовинизм ҳақида эмас. Гап бугун шундоғам андишамизми, эътиборсизлигимиз туфайлими, ҳамон ўз тилимиздан кўра бегона тилларга қуллуқ қилиб келаётганимизда. Буни тўғри тушуниш керак, собиқ иттифоқнинг таъсири ҳануз сақланиб қолинган деган фикрлар шунчаки баҳона, деб ўйлайман. Миллат зиёлиларининг етарли саъй-ҳаракат олиб бормагани натижаси бу. Бирор бир мамлакатда давлат тили мақоми берилган она тили ўз мавқеига эришиши учун бу даражада сусткашлик бўлмаган, деб ўйлайман. Юқорида таъкидлаганимдай, бунга ўзимиз йўл қўйиб бердик.
Оммавий ахборот воситаларининг ўзи адабий тилга нисбатан ҳурматсиз муносабатни ҳамон давом эттирмоқда. Бадиий фильмлар, кўрсатувларда қаҳрамонларнинг шевада, бошқа тиллар аралашмасида гапириши оддий ҳолга айланди. Рус тилида ҳужжатлар юритилишига ҳам рухсат берилди, катта йиғинларда паспортида ўзбек деб ёзилган кишилар бемалол «рус тилида фикримни ифодалаш қулай», дея рус тилида маъруза қилди.
Чекка бир қишлоқдаги дўконлардаги пешлавҳалар ҳам рус тилида ёзилишига нима дейсиз?! Буларнинг бари охир-оқибат оддий одамлар орасида ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Ва юқоридаги талаба каби яна ўз юртида, ўз она тилида мурожаатдан кўра, бошқа тилда фикрни ифода этиши унга фойдалироқ бўлди. Фарзандларимизни тили чиққанданоқ бошқа тилларга ўргата бошлаяпмиз – инглиз, рус, хитой, япон, корейс… Бу қайсидир маънода яхши ютуқ, албатта. Аммо она тилимизга муҳаббат оналардан ўтмаяпти, чунки улар ўз она тилида тўғри, мазмунли алла айтиб беролмай қолди. Буниси энди фожиа.
Яна такрор айтмоқчиман: ушбу мурожаат биз, зиёлилар учун жиддий огоҳлантириш. Энди шунчаки гап билан эмас, жиддий амаллар билан ўз она тилимизни, давлат тилимизнинг том маънодаги мақомини оширишга ҳаракат қилмоғимиз даркор.”
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь