Фарида Афрўз янги лавозимга тайинланди
Жамият
−
04 Декабрь
13463Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси собиқ депутати, шоира Фарида Афрўз (Фарида Бўтаева) Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда уюшма матбуот хизмати маълум қилди.
Кеча, 3 декабрь куни Ёзувчилар уюшмасида Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари ҳамда уюшма жамоаси иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган. Йиғинни уюшма раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид олиб борган. Сўзга чиққанлар Фарида Афрўзга ушбу масъулиятли вазифани виждонан ва ҳалол бажаришда муваффақият тилаган.
У ушбу лавозимга Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, шоир Ботиржон Эргашевнинг Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институтига директор бўлиб ўтиши ортидан тайинланди.
Маълумот учун, шоира 1956 йил 5 мартда Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида туғилган. Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институтида таҳсил олган. “Қирқ кокиллигим” (1986), “Изтироб кўйлаги” (1992), “Тунлар исёни” (1994), “Кўзим маним…” (1999), “Ўзимдан ўзимгача” (2001), “Ушшоқ” (2004), “Тасбеҳ” (2006), “Ўша кун бугундир” (2012) номли шеърий тўпламлари нашр этилган. Бундан ташқари, унинг “Қирқ қўшиқ”, “Аёл қалби”, “Кел, бугунни байрам қилайлик” аудио китоблари диск шаклида чиқиб, адабиёт ихлосмандлари кўнглидан жой олган.
Унинг шеърлари рус, турк, инглиз, немис, француз, форс, уйғур, озарбайжон, гагауз, хитой, корейс каби бир қатор хорижий тилларига таржима қилинган.
Фарида Афрўз 1999 йили “Шуҳрат” медали, 2001 йили “Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллиги” кўкрак нишони, 2017 йили “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, шу йил бошида Минҳожиддин Ҳожиматов (Минҳожиддин Мирзо) Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь