Фарғоний фазода. Ўзбеклар қачон учади?

Технология

 

Аввалроқ, Туркиянинг Fergani Space компаниясининг биринчи сунъий йўлдоши коинотга учирилгани ҳақида хабар берилган эди. Компания бош директори Селжук Байроқдорнинг маълум қилишича, FGN-100-d1 глобал жойлашув тизими – GPS’нинг бир қисмига айланади. Энг қизиғи, мазкур сунъий йўлдошни учирган компания ўзбекистонлик буюк фазогир Аҳмад ал-Фарғоний номи билан аталади.

“Фарғоний Ғарбда Алфраганус номи билан машҳур. Ўз даврида муҳим кашфиётлар қилган ўзбек коинотшунос олими. Унинг номини ҳурмат қилиб, бу номни танладик.   Биз Туркиянинг Фарғонийси бўлмоқчимиз. Биз ўз цивилизациямизнинг мустаҳкам илдизларидан озиқланиб, юришимизни давом эттирмоқчимиз”, дея жавоб берган Байроқдор нега айнан бу номни танлагани ҳақидаги саволга жавобан.

Хўш, бугун турклар ўзбек аждодлари номини фазога учираётган бир пайтда ўзбек космиклари нима иш қиляпти? Бугун, 16 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбеккосмос” агентлигининг 2024 йилги фаолиятига оид матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда айтилишича, Ўзбекистоннинг космик соҳага жавобгар ягона йирик ташкилоти, асл вазифаси космик тадқиқотлар ўтказиш, зиммасига самога сунъий йўлдош учириш юклатилган, номи улуғвор “Ўзбеккосмос” агентлиги асосан геологик ва экологик соҳада ишларни қилмоқда.

“Аэрокосмик технологияларни қўллаган ҳолда олиб борилаётган Давлат космик мониторинги тизими орқали экология, геология, қишлоқ хўжалиги, ер муносабатлари, сув хўжалиги ва ўрмон хўжалиги каби соҳалар таҳлил қилиниб, 100 мингдан ортиқ эҳтимоли юқори бўлган қонунбузилиш ҳолатларни аниқлади. 

Хусусан, агентлик муассислигидаги Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази томонидан ер муносабатлари йўналишида бутун республика кесимида 96 минг 312 та қарийб 9 минг 200 гектар эҳтимоли юқори бўлган ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоотлар мавжудлиги аниқланган”, дейилди мазкур матбуот анжуманида. 

Қолаверса, Давлат космик мониторинги доирасида экология йўналиши бўйича 12 та ҳудуднинг қарийб 721 гектар майдонида 1 минг 928 та ноқонуний чиқиндихона мавжуд эканлиги аниқланган. 

“Шунингдек, “Ўзбеккосмос” агентлиги атроф-муҳит ҳамда ер унумдорлигига етказилаётган зарарларни аниқлаш ва олдини олиш мақсадида космик мониторинг орқали Сурхондарё, Тошкент, Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарёда 2024 йилнинг июнь-июль ойларида бошоқли дон экинларидан бўшаган 31 минг 483,2 гектар майдонда сомон поялари ва қолдиқлари ёниши билан боғлиқ жами 2 минг 266 та ҳолатни аниқлади”, деди агентликнинг Аэрокосмик фаолият ва космик мониторинг тизимларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Мухиддин Ибрагимов.

Хўш,  сомон далалару, ноқонуний уйларни аниқлашдан нарига ўтмаётган “Ўзбеккосмос” ўз номига мос илмий космик изланишлар ҳам олиб боряптими? QALAMPIR.UZ журналисти айни шу савол билан масъулларга юзланди. “Ўзбеккосмос” агентлиги Аэрокосмик фаолият ва космик мониторинг тизимларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Муҳиддин Ибрагимовнинг айтишича, космонавт учириш осон, аммо бу Ўзбекистонга ҳозир керак эмас. 

“Ўзбекистонга сунъий йўлдош керакми, деган саволга 2022 йилда “йўқ”, дегандим. Сабаби ўша пайтда бизда йўлдош учиришдан умуман мантиқ йўқ эди, чунки бозор йўқ эди. Мана, айтайлик, сунъий йўлдош учирдингиз, учирганингиздан кейин 100-200 миллион доллар солиқ тўловчиларнинг пули ишлатилади. Эртага менга аниқ раҳмат демайсиз.

Ундан ташқари, бошқа ҳеч қандай самарадорлик йўқ. Чунки бозор шакллантирилмаган. Вазирлик-идораларга бориб ёки хусусий секторга бориб, сунъий йўлдош олган суратни бераман десангиз, олдин суратлар ёпиқ бўлган, ишлата олмасдингиз. Вазирликларда ишлатадиган одам йўқ эди. Сунъий йўлдошнинг ўз яроқлилик муддати бор, 5-7 йил учади. Беш йил, етти йилдан кейин бўлди, ўчади. Ўчгандан кейин сизда табиий савол туғилади: солиқ тўловчи сифатида “нима қилдинглар ўзи?” дейсиз. Шу саволларнинг олдини олиш мақсадида биз биринчи фундаментни тайёрладик. Бугунга келиб, ҳозир Ўзбекистонда деярли 600 мингдан – 1 миллион кв/км суратларни қайта ишлаш бўйича бозор яратилди. Ҳам давлат, ҳам хусусий секторда. Мана, энди бизлар сунъий йўлдош гуруҳини учириш бўйича, мен бемалол айта оламан, ишлар олиб боряпмиз. Чунки Президент қарори бўйича бизга топшириқ берилган, мана шу ерни масофадан зондлаш бўйича сунъий йўлдош гуруҳини ўрганиб чиқиб, таклифини киритишимиз керак. Биз ҳозир шу бўйича турли давлатлар билан ишлаяпмиз. Ҳисоб-китоб, ҳаммасини жойига қўйганимиздан кейин охирида мана шу таклифни киритамиз. Кейин бир ечим қабул қилингач, биз, албатта, сизлар билан улашамиз”, деди Ибрагимов.

Бироқ турк биродарларнинг бу борадаги фикрлари бошқача. Селжук Байроқдорнинг айтишича, бугун осмонларига ҳоким бўлолмаган халқлар Ватанларини қўриқлай олмайди. 

“Осмонини бошқара олмаган халқлар ўз Ватанларини ҳимоя қила олмайдилар. Бугун биз мустақилликнинг 100 йиллигини нишонлаётганимиздек ва Ғози Мустафо Камол Отатуркнинг “Келажак осмонда” деганидек, космик майдонларга эга бўлмаган ва ҳукмрон бўлмаган халқлар ўзларини, ҳуқуқларини ва манфаатларини ҳимоя қила олмайдилар. Шу маънода, биз учувчисиз ҳаво воситаларимиздан олган ускуналар ва билимларимиз орқали коинот билан боғлиқ ташаббусни ўрнатдик. Бу соҳада ҳам муҳандислик гуруҳи билан иш бошладик”, деган Селжук Байроқдор.

“Ўзбеккосмос” агентлиги масъули Муҳиддин Ибрагимов ҳам Туркиянинг “Fergani”сини мақтаб, компания синов тариқасида учира бошлаган сунъий йўлдошлар лойиҳасида Ўзбекистон ҳам қатнашишини маълум қилди.

“Fergani” жуда зўр лойиҳа! Уларнинг асосий йўналиши бу яқин IOT ва GPS. GPS’га рақобатчи сифатида қилишяпти. Илмий лойиҳа сифатида кетяпти, ҳозир улар синов тариқасида юргизишди. Биз ҳам улар билан яқиндан алоқадамиз. Уларда ҳозир беш йил ичида 100 та сунъий йўлдош учирилиши керак. Қайсидир қисмида биз ҳам иштирок этиш бўйича ўзимизнинг қизиқишимизни билдирдик.

Тадқиқот бўйича Туркий давлатлар кенгаши доирасида бир нечта давлат бор… мен ҳозир тўлиқ ҳаммасини айтиб бера олмайман, чунки ҳали очиқлашга тайёр эмасмиз. Илмий сунъий йўлдош ҳозир ясаляпти. Илмий сунъий йўлдошнинг бир қисмини Ўзбекистонда биз қиляпмиз.

Ўша қурилманинг битта технологик қисмини биз бу ерда яратиб, уни сунъий йўлдошга интеграция қиламиз. Адашмасам, 2026 йилнинг ўртасида бу сунъий йўлдошни учирамиз. Бу тўлиқ Ўзбекистон сунъий йўлдоши эмас, лекин бир қисми Ўзбекистонда яратилган, бу сунъий йўлдошга интеграция қилинади. Мана шу лойиҳа устида ишлаяпмиз. Худо хоҳласа, ҳамма расмиятчиликлар якунланса, албатта, сизлар билан бу нарсани бўлишамиз”,  деди у.

Аммо бунинг учун агентлик биринчи навбатда кадрлар муаммосини ҳал қилиши лозим. Бугун буюк фазогир Фарғоний юртида космонавтлар тайёрланмайди. Мактабларда астрономия фанлари аллақачон бекор қилинган. 

“Ҳозир Ўзбекистон ҳудудида космонавт тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмаяпти. Космонавт учириш жуда ҳам осон нарса. Ҳозирги пайтда, айтайлик, шу халқаро космик станциясига, NASA’даги америкалик ҳамкасбларимизга 50-60 миллион доллар пулини тўлаб берсак, ҳозир ҳам учирсак бўлади.

Нима учун бу нарсани ҳозир тўхтатиб турибмиз? Чунки учган космонавт бориб, қўпол қилиб айтганда, селфи тушиб келиши керак эмас. Ҳар бир космонавт, авваламбор, бу олим ёки инженер ҳисобланади. У давлат манфаати учун космосда изланишлар ва тадқиқотлар олиб бориши керак. Чунки космосда ҳозирги пайтда жуда кўп янгиликларни амалга ошириш мумкин, ерда бажариб бўлмайдиган ишлар ҳам космосда амалга оширилиши мумкин, чунки у ерда бошқача муҳит мавжуд. Энди биз шу даражага етиб келишимиз керак. Фанлар академияси ва бошқа олимлар билан биргаликда ишлаб, қандайдир дастур яратганимиздан кейин биз бу масалага етиб келамиз”, дейди “Ўзбеккосмос” агентлиги бўлим бошлиғи Муҳиддин Ибрагимов.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбеккосмос Селжук Байроқдор Муҳиддин Ибрагимов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг