Фарғонадаги “Ёшлар кўли” ҳудуди тураржой қуриш учун бериб юборилди
Жамият
−
06 Март
5134Фарғона шаҳри марказидаги “Ёшлар кўли” ҳудуди меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси ва тураржой қуриш учун, очилганига ҳали бир ой тўлмаган фирмага бериб юборилди. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди.
Айтилишича, майдони 2,2 гектар бўлган сунъий кўл, 2020 йилда таъмирланган, ободонлаштирилган, тоза сув билан таъминлаб туриш учун қудуқлар чиқарилган. 2021 йилдан кейинги уч йил давомида у сув билан тўлдирилмаган, ёзда ҳам фаолият кўрсатмаган.
“Фарғона шаҳридаги бу кўл келажакда иқтидорли ёш спортчиларни танлашда энг асосий ўринга эга дегандим. Мана энди ҳозирга келиб, ҳавзада сув йўқ, уни тўлдириш имконияти бўлмади. Тик қудуқ орқали олинаётган сув учун сарфланган электр қувватига пул топилмади. Шунинг учун аста-секинлик билан барча машғулотларимиз тўхтаб қолди. Кўл кўп хизмат қилиши керак эди бу спорт тури учун”, деган Фарғона вилояти Каноэ федерацияси ижрочи директори Насриддин Холиқов “Фарғона ҳақиқати” газетаси мухбирига.
Куни кеча Фарғона марказидаги “Ёшлар кўли”да бузиш ишлари бошланган. Маълум бўлишича, у Фарғона вилояти ҳокимининг 2024 йил 29 январдаги қарорига кўра, рўйхатдан ўтганига ҳали бир ой ҳам тўлмаган “Unays building” МЧЖга меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси ва тураржой қуриш шарти билан доимий муддатга берилган.
Амалдаги қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларда ер майдони эмас, балки бўш турган биноларгина тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун фойдаланиб туришга бириктирилиши мумкинлиги белгиланган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Дилшод Тўлқиновнинг билдиришича, олди-сотди шартномаси расмийлаштирилмаган, сабаби объект сотилмаган, тадбиркорга фойдаланиш учун топширилган.
Маълумот учун, президент фармони билан 2021 йил 1 августдан бошлаб ҳокимликларнинг ерни тўғридан тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилишга оид ваколатлари бекор қилинган.
Фарғона вилояти ҳокимлиги бу борада ҳозирча расмий муносабат билдирмади.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь