Фарғонада “жиҳод”га чорловчи материалларни тарқатган шахсга жиноий иш очилди
3-саҳифа
−
11 Февраль 2022
5601Фарғонада диний экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган Содиқ Самарқандий, Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфарнинг маърузаларини тинглаш ва тарқатишда гумонланган фуқарога жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, Фарғона вилоятида яшовчи, 1998 йилда туғилган Р.Ш. ўзининг уяли телефонидаги Telegram мессенжерида аккаунт очиб, у орқали диний мавзуга ихтисослашган каналларга аъзо бўлган.
Сўнгра ушбу каналларда жойлаштирилган Содиқ Самарқандий, Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфар ва бошқаларнинг “жиҳод”га чорловчи маърузаларини ҳамда “Туркистон ислом ҳаракати” террористик ташкилотига тегишли аудио-видео материалларни юклаб олгани айтилмоқда. Шунингдек, бу аудиоларни Қўқон шаҳрида яшовчи танишларига ҳам тарқатган.
Хабарга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ўтказган тезкор тадбирда мазкур шахс қўлга олиниб, унинг мобил телефони процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
“Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига кўра, Р.Ш.нинг телефон аппарати хотирасида сақланган материаллар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади”, дейилади хабарда.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида унинг маслакдошларини аниқлаш бўйича ҳам тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
LiveБарчаси