Фарғонада ўқитувчиларнинг ойликларидан қарийб 922 миллион сўм ушлаб қолинган
3-саҳифа
−
12 Декабрь 2021
8649
Фарғона вилоятидаги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ходимларининг ойликларидан турли мақсадлар учун қарийб 922 миллион сўм маблағ ноқонуний ушлаб қолинган. Бу ҳақда вилоят Адлия бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2020-2021 йилда Фарғона вилоятидаги 366 та мактабнинг 12 653 нафар ўқитувчи ва ходимлари ҳамда 519 та мактабгача таълим муассаcининг 11 365 нафар тарбиячи ва ходимларининг ойликларидан турли мақсадлар учун жами 921 млн 619 минг сўм маблағ ноқонуний ушлаб қолинган.
Хусусан, 2021 йилнинг февраль ва июнь ойларида Бувайда тумани мактабгача таълим муассасаларида ишловчи 96 нафар ходимдан тиббий кўрик учун ойликларидан 52 минг сўмдан жами 5 млн 900 минг сўм маблағ ноқонуний ушлаб қолинган.
Хабарга кўра, қонун бузилишига йўл қўйган 167 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Эслатиб ўтамиз, Меҳнат кодексининг 164-моддасига асосан ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан мансабдор шахс томонидан меҳнат қонунчилигини бузиш 1 млн 350 минг сўмдан 2 млн 700 минг сўмгача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.
LiveБарчаси