Фарғонада фуқаролар мушукни тириклайин ёқиб юборди
3-саҳифа
−
16 Июнь 2023
14876Фарғона вилояти Қувасой шаҳар Қарамкўл қишлоғида яшовчи фуқаролар мушукни ваҳшийларча тириклайин ёқиб юборди. Бу ҳақда Қувасой шаҳар Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Келтирилишича, мазкур ҳуқуқбузарликни шу қишлоқда яшовчи М.А. ва бошқалар содир этган. Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) билан маъмурий тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жарима жазоси қўлланилган.
Кодекснинг 111-моддасига кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга олиб келади.
Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ’нинг “Ҳайвон ўлдирганлар қамалади” номли мақоласида Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишнинг оқибатлари ҳақида маълумот берилган эди.
LiveБарчаси