Фарғонада дориларни қалбакилаштираётган яширин цех аниқланди
3-саҳифа
−
21 Сентябрь
3394Фарғонада 625 млн сўмлик дориларни қалбакилаштираётган яширин цех аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Фарғона вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан вилоят ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда Қўқон шаҳри ва Учкўприк туманида тезкор тадбирлар ўтказилган. Дорихоналарда қиймати 7 мингдан 26 минг сўмга қадар бўлган “Каспаргин”, “Пиратсетам”, “Дексамитазон”, “Аскорбин кислотаси” каби ампула шаклидаги дори воситаларининг ёзуви, қадоғи ва ёрлиқлари ўзгартирилиб, ампулаларни эса бўяш орқали дорихоналардаги қиймати 70 мингдан 200 минг сўмгача бўлган “L-Lizin Essinat”, “Тиоцетам”, “Мидокалм”, “Ретоболил”, “Дипроспан” ва “Актовеген” каби дорилар номига ўзгартирилган.
“Экспертиза дори воситалари қалбакилаштирилгани, уларнинг мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмагани ва сақлаш шароитларига амал қилинмаганини тасдиқлади”, дейилади хабарда.
Тезкор тадбирлар давомида яширин цехда аниқланган дориларнинг умумий қиймати 89 млн сўмни ташкил этган бўлса-да, уларни қалбакилаштириш орқали савдога чиқариб, 625 млн сўмгача сотилиши мумкин бўлган.
Ушбу қонунбузарликни содир этган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда 828 млн сўмлик ноқонуний дори сақлаган шахс ушланганди.
LiveБарчаси