Ўзбекистон Facebook, TikTok ва Telegram каби компанияларга талабнома юборди
Жамият
−
12 Май 2021
41455Facebook, TikTok, Telegram ва бошқа компанияларга серверларини Ўзбекистонга кўчириш бўйича талабномалар юборилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросини ўрганишга бағишланган назорат-таҳлил тадбирида сўз борди.
Мазкур назорат-таҳлил тадбирида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказининг “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддаси ҳамда ушбу ҳужжатнинг жорий йил 15 апрель куни кучга кириши назарда тутилган 271-моддаси ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилган.
Қайд этилишича, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазкур моддаларига кўра энди “Facebook Inc.” (Facebook Messenger, Instagram, WhatsApp), Google (Google Messenger, YouTube), Mail.ru (Вконтакте, Одноклассники), Microsoft Skype, Telegram, Tencent Wechat, TikTok, Twitter, Yandex (Яндекс такси, Яндекс карты, Яндекс мессенжер, Яндекс деньги) каби ижтимоий тармоқлар ва интернет компаниялар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришда ушбу маълумотларни жисман юртимиз ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда базаларда йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши ҳамда шахсга доир маълумотлар базалари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши шартлиги белгиланган.
Бу эса ижтимоий тармоқлар ва интернет компаниялар Ўзбекистон Республикасида қонуний фаолият юритишни истаса, ўз техник воситаларини Ўзбекистон ҳудудига ўтказишлари шартилигини ёки белгиланган тартибда маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкинлигини англатади.
Давлат персоналлаштириш маркази директори Улуғбек Тошхўжаевнинг сўзларига кўра, ушбу йўналишда марказ томонидан бугунги кунга қадар бир қанча ишлар амалга оширилган. Хусусан, шахсга доир маълумотларга ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларни жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда йиғилиши ва сақланишини таъминлаш мақсадида хорижда фаолият юритаётган “Facebook Inc.” (Facebook Messenger, Instagram, WhatsApp), Google (Google Messenger, YouTube), Mail.ru (Вконтакте, Одноклассники), Microsoft Skype, Telegram, Tencent Wechat, TikTok, Twitter, Yandex (Яндекс такси, Яндекс карты, Яндекс мессенжер, Яндекс.деньги) компанияларига қонунчилик талабларини бажариш ҳақида мурожаат хатлари юборилган.
Шунинг билан бирга, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддаси талабларининг ижросини таъминлаш мақсадида яратилган pd.gov.uz ахборот тизими орқали шахсга доир маълумотлар базалари мулкдор ва (ёки) операторларини шахсга доир маълумотлар базаларининг Давлат реестри рўйхатидан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда юқорида номлари келтирилган ижтимоий тармоқлар ва интернет компанияларга турли хил кибер ҳужумлари уюштирилиб келинмоқда. Бунинг натижасида миллионлаб инсонлар, қолаверса Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари ҳам ўғирланмоқда. Фуқароларнинг паспорт маълумотларига ноқонуний тарзда эга бўлаётганлар, ушбу маълумотлардан ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий манфаатлар йўлида фойдаланишлари хавфи ортмоқда.
Танқидий руҳда ўтказилган ушбу тадбир, кучли баҳс-мунозараларга бой бўлди, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари талабларини ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича депутатлар Вазирлар Маҳкамаси ва Давлат персоналлаштириш маркази олдига аниқ чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқиб, қонун ижросини ўз вақтида таъминлаш талабини қўйишди.
LiveБарчаси