Ёзнинг дастлабки ойида об-ҳаво қандай бўлди?
Бу қизиқ
−
07 Июль 2025 5763 2 дақиқа
2025 йилнинг июнь ойида ХХI асрдаги кўпчилик июнь ойлари сингари иссиқ ва экстремал даражада қуруқ бўлди. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Унга кўра, ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан 1-2 даражага, Тошкент вилоятида баъзи жойларда 2,2-2,5 даражага юқори бўлди. Фақатгина республиканинг шимоли-ғарбий қисмида ўтган июнь ойи ҳарорат тартиби бўйича иқлим меъёрига яқин бўлди.
Ўзбекистоннинг марказий ва шарқий ҳудудлари бўйича 2025 йилнинг июнь ойи барча кузатув йиллари учун энг иссиқ июнь ойлари бешлигига кирди.
Ойнинг катта қисмида кундузги ҳаво ҳарорати 33-38 даража атрофида бўлди. Энг иссиқ кунларда ҳаво 39-41 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда 42-44 даражагача исиди.
Иссиқ пасайиши даврида кундузги ҳарорат 27-30 даража атрофида бўлиши кузатилди ва ҳатто энг чекка жанубда ҳам 32-34 даражадан юқори бўлмади. Бироқ, бундай қулай об-ҳаво шароитларининг давомийлиги қисқа муддатли бўлди.
Ўтган июнь ойида максимал ҳарорат рекорд қийматларга етмади. Тарихий кузатув қаторлари учун июнь ойида энг юқори максимал ҳарорат 42-45 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларда 46-47 даражани ташкил этади. Мамлакат бўйича энг юқори максимал ҳаво ҳарорати 1914 йилда Термиз шаҳрида – 49,6 даража қайд этилган.
Тошкентда 1914 йилда ўрнатилган июнь ойининг мутлақ максимал ҳарорати 43 даража бўлиб қолмоқда.
Ўтган июнь ойини экстремал қуруқ ой деб тавсифлаш мумкин. Ёмғир жуда камдан-кам ҳолларда ёғди ва жадаллиги асосан бироз бўлди.
Фақат Қорақалпоғистон Республикасида (Устюртдан ташқари), Хоразм, Фарғона вилоятларида баъзи жойларда ва айрим тоғли ҳудудларда миқдори 9 мм дан 31 мм гача бўлган маҳаллий жала ёмғирлар ёғиши қайд этилди.
Жала ёмғирлар ҳисобига Жиззах, Сурхондарё вилоятлари ва Фарғона водийси вилоятларининг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари вужудга келишига сабаб бўлди.
Ой учун ёғингарчилик миқдори 0,0-5 ммни, республиканинг айрим ҳудудларида 6-8 мм ни ташкил этди.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида тез-тез қисқа муддатли ёмғир ёғиши кузатилиб, июнь ойи учун умумий ёғингарчилик миқдори баъзи жойларда 25-30 ммга, Тошкент ва Фарғона вилоятларининг айрим тоғли ҳудудларида 45-55 ммга етди.
Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши кузатилди, Устюртда шамолнинг кучайиши 22 м/с га етди. Айрим жойларда чангли бўронлар, чанг-тўзонлар ва чангли ғаборлар қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг ёз фасли қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво билан бошланганди.