Eвропа Эронга киритган санкциялари учун жавоб беради
Олам
−
24 Январь 2023
8392Аввал хабар берганимиздек, кеча 23 январь куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида Эронга қарши санкцияларнинг тўртинчи пакети эълон қилинганди. Бугун, 24 январь куни эса Эрон Европа Иттифоқи ва Британия томонидан жорий қилинган янги санкцияларни кескин қоралаб, Ғарб Эронга намойишларни бостириши ортидан босимни кучайтиргани учун уларга жавоб қайтаришини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
“Исломий республикадаги инсон ҳуқуқларини поймол қилувчилари бўлган Европа Иттифоқи ва Англияга қарши янги санкциялар рўйхатини тез орада эълон қилади”, деди Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канъоний ўз баёнотида.
Маълумки, Европа Иттифоқи 30 дан ортиқ Эрон расмийлари ва ташкилотларига, жумладан, кучли Инқилобий гвардия бўлинмаларига қарши санкциялар киритган ҳамда уларни тартибсизликларни шафқатсиз бостириш ва инсон ҳуқуқларининг бошқа бузилишида айблаган эди.
Шунингдек, Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британия ҳам Эронга қарши янги санкциялар эълон қилганди. Бу Ғарбнинг Теҳрон билан аянчли муносабатлари янада ёмонлашганини кўрсатади.
Маълумот учун, юқоридаги санкцияларнинг барчаси ўтган йилнинг сентябридаги ахлоқ полицияси ҳибсхонасида эронлик курд қизи Маҳса Аминийнинг ўлимидан сўнг Эронда авж олган тартибсизликларни шавқатсизлик билан бостирилишига жавоб сифатида киритилган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси