“Эвертон” ҳужумчисига “Манчестер Юнайтед” қизиқиш билдирмоқда
Спорт
−
22 Март 2022
2228Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби жорий йилнинг ёз ойларида ҳужум чизиғини кучайтиришни мўлжалламоқда. Шунинг учун, манкунианликлар “Эвертон” футболчиси Ричарлисонни сотиб олмоқчи. Бу ҳақда “Gоаl” нашри хабар берди.
Ҳозирда “қизил иблислар”нинг асосий ҳужумчилари Криштиану Роналду ва Эдинсон Кавани ҳисобланади. Бироқ иккисининг ёши ҳам қирққа қараб кетмоқда. Шунинг учун, Кавани ва Роналду билан боғлиқ узоқ муддатли режалар тузиб бўлмайди. Қолаверса, “Манчестер Юнайтед”нинг келажак умиди сифатида қаралаётган Маркус Рашфорд ҳам ўзидан кутилган ўйин намойиш қилмаяпти. Мана шундай паллада 24 ёшли бразилиялик футболчи Криштиану Роналду ва Эдинсон Каванининг муносиб ўринбосари бўлиши мумкин.
“Манчестер Юнайтед” Европа Чемпионлар лигасида нимчорак финал баҳсида Мадриднинг “Атлетико” клубига имкониятни бой берди. Бундан ташқари, келаси мавсумда ЕЧЛ “қизил иблислар”сиз ўтиши мумкин. Сабаби “Манчестер Юнайтед” Англия Премьер лигасининг бу йилги мавсумида 29 та ўйиндан сўнг, 50 очко жамғариб, мусобақа жадвалининг 6-ўринига жойлашган. Агар, АПЛ якунигача ушбу ҳолат ўзгармаса, Роналду ва унинг шериклари ЕЧЛ йўлланмасидан қуруқ қолади.
Маълумот ўрнида, жорий мавсумда Ричарлисон “Эвертон” сафида Премьер лиганинг 20 ўйинида майдонга тушиб 4 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди. “Тransfermarkt” портали бразилиялик иқтидор эгасини 55 миллион еврога баҳоламоқда.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси