Эски ва янги конституцияга солинаётган кишан

Таҳлил

image
0:00
0:00
download

“Trias politica” ёки “ҳокимиятларнинг бўлиниши” атамасини XVIII асрда яшаб ўтган француз ижтимоий ва сиёсий файласуфи Шарль Луи де Монтескьё киритган. Унинг “Spirit of the Laws” (Қонунлар руҳи) номли рисоласи сиёсий назария ва ҳуқуқшунослик тарихидаги буюк асарлардан бири ҳисобланади. Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари декларацияси ва АҚШ Конституцияси айнан ушбу рисоладан илҳомланиб яратилган. Унинг моделига кўра, давлатнинг сиёсий ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларига бўлинади. Муаллифнинг таъкидлашича, эркинликни энг самарали тарғиб қилиш учун бу уч куч алоҳида бўлиши ва мустақил ҳаракат қилиши керак. 

“Trias politica” дунёнинг аксарият демократик давлатлари ва республикалари томонидан қабул қилинган. Ўзбекистон ҳам (айрим камчиликлари билан бўлса-да) ана шу тушунча билан бошқарилаётган давлатлардан биридир. Хўш, бу қандай камчилик? 

Ҳокимиятларнинг бўлиниши принципига кўра, давлатнинг ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд функциялари бир қўлда бўлмаслиги керак. Яъни ушбу принцип яккаҳокимликни буткул рад этади. Агар ушбу тамойилга тўлиқ амал қилинса, қонун чиқарувчи органдан бошқа ҳеч ким ва ҳеч қайси ташкилотга янги қонунларни қабул қилиш ташаббуси билан чиқишга рухсат берилмайди. Ушбу чеклаш Қўшма Штатлар Конституциясида ўз аксини топган бўлса-да, аксарият Европа давлатлари ижро этувчи ҳокимиятга ҳам қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини беради. Суд ҳокимияти эса АҚШда ҳам, Еврпопа ҳам энг бошиданоқ қонун ижодкорлиги жараёнидан умуман четлаштирилади. 

Гарчи қонунчилик ташаббуси ҳуқуқининг умумий концепцияси кўпчилик Европа мамлакатларида ўхшаш бўлса-да, баъзи муҳим қоидаларда фарқланиши мумкин. 

Европа мамлакатларида, қоида тариқасида, ҳукумат парламентга қонун лойиҳаларини киритиш ҳуқуқига эга. Алоҳида ҳолларда, масалан, Польшада бюджет ва бошқа молиявий муҳим қонунлар бўйича Ҳукумат ҳатто қонунчилик ташаббуси учун мутлақ ҳуқуққа эга бўлиши мумкин. Франция Конституцияси бу ваколатни бевосита Бош вазирга беради. Норвегия бош қомусида эса қонун лойиҳаси ҳукумат томонидан Давлат Кенгаши аъзоси орқали таклиф қилиниши айтилади. 

Статистик маълумотларга кўра, аксарият Европа мамлакатларида қонун лойиҳалари вазирликларда ишлаб чиқилади, чунки уларни тайёрлаш учун ишчи кучи, имкониятлар ва тажриба мавжуд. 

Кўпгина мамлакатларда Президент парламентга қонун лойиҳаларини киритиш ҳуқуқига эга. Баъзи мамлакатларда бу ҳуқуқ умумий тарзда қўлланилса, бошқа бир мамлакатларда у муайян ҳолатлар билан чекланади. Мисол учун, Эстонияда Президент фақат Конституцияга ўзгартишлар киритиш учун қонун ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эга. Грузияда президентнинг ҳуқуқи “эксклюзив ҳолатлар” билан чекланган, бу дегани чекловлар айрим масалаларгагина даҳлдор. Лекин Президент томонидан тақдим этилган қонун лойиҳалари парламентда устуворлик билан муҳокама қилиниши керак. 

Истисно ва тор шароитларда судлар парламентга қонун лойиҳаларини киритиш ҳуқуқига ҳам эга бўлиши мумкин. Бу, айниқса, постсовет мамлакатларида қўлланилади. Россия Конституциясида Россия Федерацияси Конституциявий суди, Россия Федерацияси Олий суди ва Россия Федерацияси Олий Арбитраж суди ўз ваколатлари доирасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эканлиги аниқ кўрсатилган. 

Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар судлар суд-ҳуқуқ соҳасига оид амалдаги қонун ҳужжатларидаги камчиликлар ёки номутаносибликларни аниқлашга, ўзлари ихтисослашган соҳага оид янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни таклиф қилишга, айниқса, мойил эканлигини кўрсатади. 

Судларга қонунчилик ташаббусининг алоҳида ҳуқуқи берилмаган ҳолда, конституциявий судларнинг қонунларни конституцияга зид деб топувчи қарорлари қонунчилик ташаббусининг “билвосита” шакли сифатида қаралиши мумкин. Масалан Германия Конституциявий суди қонун чиқарувчига маълум вақт ичида конституцияга зид бўлган қонунларни алмаштириш ҳақида огоҳлантириш бериши мумкин. 

Тан олиш ўринлики, сўнгги олти йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қатор ислоҳотлар амалга ошириляпти. Бироқ, амалдаги Ҳукумат томонидан тадбиқ қилинаётган ислоҳотларнинг кўплари айнан ижро этувчи ҳокимият ёки судларга келганда тўсиқлар ва номутаносибликларга йўлиқяпти. Асосий қонунда айрим масалалар умуман акс этмагани, ҳокимларнинг қарори Вазирлар Маҳкамаси қарори устидан ошиб ўтаётгани ва қатор қонун ва қонуности ҳужжатларнинг бир-бирини рад этиш ҳолатлари ҳақида бот-бот гапириляпти, ёзиляпти, бонг уриляпти. Етмаганига ҳамон Қонун чиқарувчи орган – парламентда ижро органи вакилллари – ҳокимларнинг бош-қош бўлиб ўтиргани ҳам мантиқсизликнинг бир кўриниши. 

Маълумки, айни вақтда Ўзбекистон йирик қонуний ислоҳот, янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлса, мамлакат қонунчилиги пойдеворини қайтадан қуриш арафасида турибди. Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича таклифлар орасида ҳокимларнинг Халқ депутатлари кенгашлари раиси бўлиш ваколати олиб ташланмоқда. Бироқ, мантиқсизлик бу билан тугаётгани йўқ. 

Жараёндан маълумки, Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар махсус конституцион қонунни умумхалқ референдуми орқали қабул қилиниши билан киритилади. 

Энди яна юқорида сўз очганимиз мавзуга қайтсак. 

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари қаторида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳам кўрсатилган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органидир. Шу қонуннинг 4-моддасида эса “Суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгандир”, деб ёзилган. 

Қонуннинг 6-моддасига эътибор қаратинг. У биз юқорида келтирган Монтескьё назариясини рад этади. 

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди қонунлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга ошириладиган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга”.

Бундан англашиладики, Олий суд, суд тизимининг энг юқори судлов инстанцияси сифатида олий судлов функциясини бажариб келган бир вақтда, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эгалик қилмоқда ва бундай ҳолат мантиққа тўғри келмайди. Мисол учун, футбол ўйинини бошқараётган рефери футбол қоидаларга риоя қилади, лекин қоидаларни ўзи ишлаб чиқмайди. Футбол қоидаларини халқаро футбол ташкилоти/ФИФА ишлаб чиқади ва ўзгартиришлар киритади. 

Ҳокимиятларнинг бўлиниши принципига кўра, Олий суддан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини олиб ташланиши замонавий ва Янги Ўзбекистон учун навбатдаги муҳим қадам бўлиши, шубҳасиз. Зера эркинликни энг самарали тарғиб қилиш учун давлатнинг сиёсий ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари алоҳида бўлиши ва мустақил ҳаракат қилиши керак.

Ўзгариши кутилаётган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг келгуси 100 йилликларда қандай йўлдан боришини ўзида акс эттирибгина қолмай, Конституцияда халқ фикрининг инобатга олиниши билан тарихда қолади ва Президент Шавкат Мирзиёев айтганидек, ҳар бир фуқаро ушбу ҳужжатни “Менинг Конституциям” дейишига асос яратилади, қачонки, Шарль Луи де Монтескьё назарияси амалда ўз исботини топса...


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

375

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг