Эски машинасини утилизацияга бермаганлар катта жарима тўлаши мумкин

Жамият

image

Энди Ўзбекистонда эски машинасини утилизация қилишга топширмаганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида жарима тўлаши мумкин. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда эксплуатация муддати ўтган автомашиналар сотиб олиниб, утилизация қилинадиган тизим яратилади. Унга кўра, ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари эгаларидан бозор нархида баҳоланиб, харид қилинади ва утилизация қилиш учун юборилади.

Автотранспорт эгалари билан турли шаклларда ҳисоб-китоб қилиниши мумкин. Масалан, янги автомобилнинг бошланғич тўлови учун электрон ваучер тақдим этилади ёки ваучер пулга айлантириб берилади.

Истеъмолчи электрон ваучерлар ёрдамида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган янги автомобилларни имтиёзли шартларда сотиб олиши мумкин бўлади. Бунда электрон ваучерда кўрсатилган маблағлар миқдорида чегирма берилади, истеъмолчи тўловнинг қолган қисмини бир йилдан ортиқ муддатда бўлиб тўлаши мумкин.

Эски автомашинасини ўз вақтида утилизацияга топширмаган фуқаролар йилига бир маротаба базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида экологик компенсация тўлайди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёнинг 60 дан ортиқ давлатида эскирган автомобилларни утилизация қилиш тизими йўлга қўйилган. Хусусан, Франция, Хитой, Япония, Германия, Буюк Британия, АҚШ, Нидерландия, Россия ва бошқа мамлакатларда ҳар йили миллионлаб муддати ўтган транспорт воситалари утилизацияга топширилади. 2000 йилдан кейин Европа давлатларида утилизациядан кенг фойдаланила бошланган. Жумладан, Францияда 2002 йилда эски автомобилларни янги ва экологик тоза транспорт воситаларига алмаштиришни рағбатлантирувчи кенг кўламли давлат дастури жорий этилган. Ушбу дастур доирасида эски автомобилини топшириб, янги автомобиль харид қилган фуқароларга субсидиялар ажратилган. Германияда эса 2009 йилда “Abwrackprämie” (“Утилизация учун мукофот”) дастури ишга туширилган. Дастурга кўра, ишлаб чиқарилганига 9 йилдан ошган эски автомобилини утилизацияга топшириб, янги автомобиль сотиб олган фуқаролар рағбатлантирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда эски транспорт воситаларини янгисига алмаштириш ёки уларга фильтр ўрнатиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

утилизация эски машина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг