Эртага Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси очилади
Жамият
−
16:59 3896 2 дақиқа
Эртага, 19 март куни Самарқанд вилоятининг Паяриқ туманидаги буюк ҳадисшунос Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими ўтказилади. Бу ҳақда бугун, 18 март куни Нарпай туманида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, сўзининг аввалида давлат раҳбари йиғилганларни кириб келаётган муборак Рамазон ҳайити ҳамда қутлуғ айём – Наврўзи олам билан чин юракдан табриклаган. Самарқандга охирги ташрифдан сўнг ўтган тўрт ой ичида мамлакат ҳаётида катта ўзгаришлар рўй бергани таъкидланган.
Шу ҳафтанинг ўзида Олмалиқ шаҳрида 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилди, пойтахтда нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг маънавий хазинаси бўлган Ислом цивилизацияси маркази очилди.
Эртага Паяриқ туманида буюк ҳадисшунос Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими ўтказилади.
“Аминманки, бу муаззам зиёратгоҳ халқимиз билан бир қаторда миллионлаб хорижий туристлар ташриф буюрадиган табаррук масканга айланади”, дейди Президент.
Шунингдек, Президент белгилаб олган марраларга эришиш учун янада самарали ҳаракат қилиш зарур эканини қайд этган.
“Биз Ватанимиз куч-қудратини ошириш, ҳар бир оила ва ҳар бир инсоннинг ҳаётини яхшилаш бўйича янада катта марраларни олганмиз. Бугун ҳудудларда амалга оширилаётган ишларни кўриб, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.
Айни пайтда шуни яхши англашимиз керак, энди кечаги ҳаракат бугунга, бугунгиси эса эртанги кун талабига камлик қилади. Шу боис, белгилаб олган марраларга эришиш учун янада самарали ҳаракат қилишимиз зарур”, дейди давлат раҳбари.
Самарқанд ишсизлик, камбағаллик, инвестиция, экспорт масалалари, умуман, барча соҳада намунавий вилоят бўлиши шартлиги қайд этилган.
Вилоятда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун 100 миллион доллар, Ургут туманининг ўзига яна 50 миллион доллар ажратилган. Умуман, вилоятга барча манбалар ҳисобидан 11 триллион сўм йўналтирилмоқда. Тадбиркорларга кредит учун яна 18 триллион сўм ресурс берилмоқда.
Ҳажми жиҳатидан бу миқдордаги маблағ ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эканлиги кўрсатиб ўтилган.