Эртага БМТда янги Бош котиблик учун норасмий сайлов бошланади

Олам

image

БМТ Хавфсизлик кенгаши 31 июль куни ташкилотнинг навбатдаги Бош котибини аниқлаш жараёни доирасида илк норасмий ёпиқ овоз беришни ўтказади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Овоз беришда ҳозирча 7 нафар номзод иштирок этмоқда. Улар Аргентина, Чили, Коста-Рика, Эквадор, Гайана, Сенегал ва Уганда вакиллари бўлиб, йил охирида иккинчи беш йиллик муддатини якунлайдиган Португалиялик Антониу Гутерришнинг ўрнини эгаллашга даъвогарлик қилмоқда.

Гутерришнинг вориси бюрократик тизимни ислоҳ қилиш, харажатларни қисқартириш, БМТ агентликлари фаолиятидаги такрорланишларни бартараф этиш ҳамда нуфузи пасайиб бораётган ташкилот фаолиятини қайта жонлантириш вазифасига дуч келади.

Қайд этилишича, норасмий овоз бериш жараёнида Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзоси ҳар бир номзод бўйича “қўллаб-қувватлайман”, “қўллаб-қувватламайман” ёки “фикрим йўқ” деган уч вариантдан бирини танлайди. Овоз бериш яширин тарзда ўтказилади ва унда фақат Кенгаш аъзолари иштирок этади.

Маълумотларга кўра, ҳозирча аниқ фаворит мавжуд эмас. Аввалги тажрибага кўра, бир неча босқичли овоз бериш ёз давомида ўтиши ва сентябрь охири ёки октябрь бошида якунланиши мумкин. Агар ягона номзод бўйича келишувга эришилмаса, жараён янада чўзилиши эҳтимолдан холи эмас.

Ҳозирги номзодлар қаторига БМТнинг Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги раҳбари Рафаэль Гросси (Аргентина), Чилининг собиқ президенти Мишель Бачелет, Коста-Риканинг собиқ вице-президенти Ребека Гринспан, Эквадорнинг собиқ ташқи ишлар вазири Мария Фернанда Эспиноса, Гайананинг собиқ ташқи ишлар вазири Каролин Родригес-Биркетт, Сенегалнинг собиқ президенти Макки Салл ҳамда ўтган ҳафта номзодини қўйган угандалик дипломат Олара Отунну киради.

Бошқа номзодлар ҳам кейинчалик сайловга қўшилиши мумкин. Дастлабки босқичларда барча бюллетенлар бир хил бўлади ва қайси давлат номзодга қарши овоз бергани ошкор этилмайди. Кейинги босқичларда эса Хавфсизлик кенгашининг вето ҳуқуқига эга беш доимий аъзоси – Хитой, Франция, Россия, Буюк Британия ва АҚШ – бошқа рангдаги бюллетенлардан фойдаланади. Бу эса номзодга улардан бири томонидан салбий баҳо берилган-берилмаганини кўрсатади.

Якунда Хавфсизлик кенгаши БМТ Бош Ассамблеясига Бош котибни тайинлаш бўйича тавсия этувчи резолюция қабул қилади. Бунинг учун камида тўққизта овоз ва доимий аъзоларнинг ҳеч бири томонидан вето қўйилмаслиги талаб этилади. Кейин эса номзод Бош Ассамблея тасдиғидан ўтади.

Хавфсизлик кенгашига айни пайтда Конго Демократик Республикаси раислик қилмоқда. Мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Зенон Муконго Нгай илк норасмий овоз бериш эртага, 30 июль куни эрталаб бўлиб ўтишини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, Олара Отунну бошқа номзодлар каби норасмий эшитувларда иштирок этмаган бўлса-да, биринчи овоз беришда қатнашади.

Отуннунинг таржимаи ҳолида қайд этилишича, у 1981 йилда Хавфсизлик кенгашига раислик қилган вақтда БМТ Бош котибини танлаш учун қўлланиладиган норасмий “straw poll” овоз бериш тизимини жорий этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халкаро ҳуқуқ нормалари бирин кетин поймол қилинаётган бир вақтда БМТ Бош Ассамблеяси 2028 йилни Халқаро ҳуқуқ йили деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг