Эрта ўлим хавфини икки баравар оширадиган омил маълум бўлди
Саломатлик
−
05 Май 5826 2 дақиқа
Астманинг оғир шакли эрта ўлим хавфини қарийб икки баравар ошириши мумкин. Каролинска институти тадқиқотчилари шундай хулосага келди. Тадқиқот натижалари “European Respiratory Journal” (ERJ) журналида эълон қилинди.
Қайд этилишича, олимлар астма билан касалланган 11 мингдан ортиқ беморнинг маълумотларини таҳлил қилган ва уларни 20 йил давомида кузатиб борган. Иштирокчилар касалликнинг оғирлик даражасига қараб гуруҳларга бўлинган. Кузатув даврида оғир астмаси бор одамлар орасида ўлим кўрсаткичи 34 фоизга етган, енгил ва ўртача шаклларда бу кўрсаткич тахминан 20 фоизни ташкил этган.
“Хавфлар миқдорида бу касалликнинг оғир кечиши бўлган беморларда эрта ўлим эҳтимоли деярли икки баравар кўпайишини англатади. Шу билан бирга, астманинг ўзи камдан кам ҳолларда ўлимнинг бевосита сабабига айланади. Юқори ўлим кўрсаткичига асосий ҳиссани ҳамроҳ касалликлар қўшади”, дейди олимлар.
Астмада кўпинча тизимли яллиғланиш юзага келади – организмда кўплаб махсус сигнал молекулалари, яъни цитокинлар ишлаб чиқарилади. Уларнинг ҳаддан ташқари кўплиги қон томирларининг эластиклигини камайтириши, уларнинг деворлари ўтказувчанлигини ошириши ва қон айланишини бузиши мумкин. Шунингдек, миокард инфаркти ёки инсультга олиб келадиган тромбоз хавфи ортади.
Оғир астмаси бор беморларда онкологик патологиялар ҳам тез-тез ривожланади, бу эса узоқ муддатли истиқболда ўлим сабаби бўлиб хизмат қилади. Нафас олиш ва юрак-қон томир тизимларига доимий юклама келтириб чиқарадиган тез-тез хуружлар ҳам қўшимча хавф омили ҳисобланади.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, оғир астма нисбатан кам учрайди – бу шбу ташхис қўйилган барча беморларнинг тахминан 3-8 фоизида. Шунга қарамай, айнан шу гуруҳ энг диққат билан тиббий назорат қилинишни талаб этади, чунки замонавий терапияга қарамай, улар тизимли асоратлар олдида заиф бўлиб қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳар куни атиги 5 дақиқа қўшимча жисмоний машқлар ва ўтириш вақтини ярим соатга қисқартириш миллионлаб одамларнинг узоқроқ умр кўришига ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси