Эронни вақтинчалик ким бошқариши маълум бўлди

Олам

image

Оятуллоҳ Алиризо Арафий Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ва суд ҳокимияти раҳбари билан бирга муваққат раҳбарлик кенгаши аъзоси этиб сайланди. Бу ҳақда Республиканинг сиёсий мақсадга мувофиқлигини аниқлаш кенгаши расмий вакили Муҳсин Деҳнавий маълум қилди.

Билдирилишича, Оятуллоҳ Алиризо Арафий янги Олий раҳбар сайловигача мамлакатни вақтинча бошқарувчи Эрон раҳбарияти кенгаши таркибига кирган.

“Конституциянинг 111-моддасига мувофиқ (унга кўра, Конституция посбонлари кенгашининг ҳуқуқшунослар тоифасига кирувчи аъзоларидан бири вақтинчалик раҳбарият кенгашида иштирок этиши шарт), Мамлакат манфаатларини аниқлаш кенгаши мамлакат бошқаруви узлуксиз давом этиши ва Экспертлар кенгаши иложи борича тезроқ Олий раҳбарни сайлаши учун Оятуллоҳ Алиризо Арафийни ушбу кенгаш аъзоси этиб сайлади”, дейди Муҳсин Деҳнавий.

Маълумот учун, Алиризо Арафий, 67 ёш – унчалик машҳур бўлмаган Арафий давлат муассасаларида тажрибага эга бўлган таниқли уламо ва Хоманаийнинг ишончли вакили. У ҳозирда Экспертлар кенгаши раиси ўринбосари ва сайлов номзодларини саралайдиган “Посбонлар кенгаши” аъзоси. Шунингдек, у Эрон диний мадрасалар тизимини бошқаради. Экспертларнинг фикрича, Хоманаий унга муҳим лавозимларни ишониб топширгани унинг бюрократик қобилиятларига бўлган юқори ишончни англатади. Аммо у хавфсизлик тизимлари билан яқин алоқаларга эга эмас.

АҚШ–Исроил–Эрон уруши

Кеча, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.

Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига «иммунитет» олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.

Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.

Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.

Аввалроқ, Эрон давлат телевидениеси Хоманаий Исроил ва АҚШ томонидан ўлдирилганини хабар қилган эди. Эроннинг “Tasnim” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, у кеча, 28 февраль куни эрталаб ўз ишхонасида ўлдирилган. Оятуллоҳнинг вафоти муносабати билан мамлакат бўйлаб 40 кунлик умумхалқ мотами ва 7 кунлик умумхалқ дам олиш кунлари эълон қилинди.

Шунингдек, Эрон ҳудудига уюштирилган ҳужум чоғида Оятуллоҳнинг оила аъзоларидан тўрт киши – қизи, куёви, набираси ва келинларидан бири ҳам ҳалок бўлган.

Қайд этиш жоиз, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ислом Республикаси Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти тасдиқланганидан сўнг, мамлакат “Қуролли кучлари тарихидаги энг шиддатли ҳужум операцияси” бошланганини маълум қилганди.

Шундан сўнг, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мамлакат Исроил ва АҚШга қарши янги ҳужумлар бошланганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ–Исроил–Эрон уруши Алиризо Арафий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг