“Эронликлар бизни қириб ташлаш учун интилган”. Исроил элчиси Эронни айблади
World
−
27 March 4288 3 minutes
Бир неча йиллардирки Яқин Шарқда бошланган нотинчликлар ҳамон аригани йўқ ва бу можаролар марказида доимо Исроил тилга олинади. Булар бир кунда бўлиб қолган ҳодисалар эмас, ушбу жараёнларни тўпланиб келишига асосий сабаблар нима бўлгани, Эрон Ислом Республикаси ташкил топишидан аввал ҳам минтақада Исроил билан можаролар содир бўлиб келгани ҳақидаги саволга Исроил Давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гидеон Лустиг жавоб берди.
Элчининг қайд этишича, Эрон Исроилга қарши бевосита ва турли проксилар орқали кўплаб ҳужумлар ортида турибди. Улар йиллар давомида “ҲАМАСни қўллаб-қувватлаб, уларга пул ва қурол бериб, уларни ўқитиб келган”. Улар Ливанда 80-йилларда “Ҳизбуллоҳ” ташкил этилганидан бери уни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
“Бунинг асосий сабаби – керак деб ҳисоблаган пайтларида Исроилга ҳужум қилиш. Улар Ямандаги ҳусийларга ракеталар ва имкониятлар бериб келишган. Эрон минтақадаги ҳужумлар ва террорчилик фаолиятларининг 90 фоиздан ортиғининг манбаи ҳисобланади. Улар кўп йиллар давомида Исроилга қарши уруш олиб боришди. Сиз айтганингиздек, бу биргина қисқа давр эмас. Шунинг учун бизнинг ҳозирги операциямиз – бу таҳдидни доимий равишда олиб ташлаш, уни бир йўла ҳал қилишга қаратилган ҳаракатдир”, дейди дипломат.
Қолаверса, Исроил элчиси томонидан Эронда Оятуллоҳ режими ҳокимиятга келганида, улар Исроилни йўқ қилишга қасам ичишгани, ҳар бир минбарда “Америкага ўлим”, “Исроилга ўлим”, деб ҳайқиришгани билдирилди.
“Ва улар бизга қарши курашиш ва ўз проксиларини ривожлантириш учун қўлларидан келган ҳамма нарсани қилишди. Ушбу режим “Ҳизбуллоҳ”ни молиялаштириш билан пайдо бўлди. “Ҳизбуллоҳ” Оятуллоҳ режими ҳокимиятга келганидан кейин ташкил этилган, чунки у Оятуллоҳ режимининг воситасидир. Ҳусийлар ҳам худди шундай. Демак, Эрон режими ҳокимиятга келганидан бери улар бутун дунё бўйлаб уруш олиб боришмоқда. Яқинда Аргентина ҳукумати 1990 йилларда Исроил элчихонаси ва яҳудий жамоат марказларига қилинган ҳужумлар Эрон режими томонидан амалга оширилганини айтди. Бунга Али Хоманаий масъул бўлган. Шундай қилиб, улар фақат бизни йўқ қилиш кераклигини айтишмоқда. Энди диққат билан эшитинг. Сиз давлат сифатида нима қилган бўлардингиз? Агар кимдир Ўзбекистонни йиллар давомида йўқ қилишга чақирса, уни вайрон қилишга ваъда берса, Ўзбекистон давлат сифатида нима қилган бўларди? Сиз уларга ишонармидингиз?”, дейди у.
Гидеон Лустиг эронликлар Исроилни йўқ қилиш, қириб ташлаш учун ядро қуроли ва узоқ масофали ракеталарни ишлаб чиқаришга интилганига ишонишини урғулади. Бундан ташқари, Исроил бунинг содир бўлишига йўл қўя олмаслиги, фуқароларни ҳимоя қилишини билдирди.
Ушбу интервьюни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube-каналида томоша қилишингиз мумкин.
Live
AllTurkiyada F-16 halokatga uchradi
12 August