Эронда теракт. 15 киши қурбон бўлди

Олам

image

Эроннинг Шероз шаҳридаги Шоҳ-Черах мақбарасига кираверишда уч нафар қуролланган шахс автоматлардан ўқ узди, оқибатда камида 15 киши ҳалок бўлди, 40 киши яраланди. Воқеа кеча, 26 октябрь куни соат 17:45 атрофида содир бўлган. Бу ҳақда маҳаллий IRNA агентлиги хабар берди. 

Ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам борлиги айтилмоқда. 

Агентликнинг гувоҳларга таяниб ёзишича, ҳужумчилар соат 17: 45да мақбара ҳудудига машинада кириб борган ва дарҳол ўт очган. 

Эрон Президенти Иброҳим Раисий Шероздаги терактда бир гуруҳ инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдириб, “биз бу қадамга қатъий жавоб берамиз ва бу жиноятчиларга сабоқ бўлади”, деб айтди. 

Унга кўра, Эроннинг душманлари ўз муваффақиятсизликлари ва мағлубиятлари учун теракт билан қасос олди. 

“Албатта, бу ёвуз қадам жавобсиз тўхтаб қолмайди ва мамлакат адлия тизими айбдорларни жазолашни кузатиб турибди”, дейди Раисий. 

Полиция уч нафар ҳужумчидан иккитасини қўлга олган. Фарс вилояти губернатори ўринбосари Эсмоил Моҳеббипурнинг айтишича, отишма яраланган ва ҳибсга олинган биргина террорчи томонидан амалга оширилган. 

Интернетда эълон қилинган баёнотга кўра, ИШИД террор ташкилоти Шероздаги ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Мақбарага ҳужум Эронда 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлимидан сўнг сентябрь ойи ўрталарида бошланган миллий норозилик намойишлари фонида содир бўлди. У “нотўғри” ҳижоб кийгани учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан сўнг вафот этганди. 

Сентябрь ойининг охирига келиб Эрон хавфсизлик кучлари вакиллари намойишчиларга қарши мақсадли равишда қурол ишлата бошладилар. 

Ҳуқуқ фаолларига кўра, 25 октябрь ҳолатига кўра, намойишларда камида 234 киши ҳалок бўлган, улардан 29 нафари вояга етмаганлардир.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон теракт

Баҳолаганлар

282

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг