Эронда нон нархи ошиши ортидан намойишлар бошланди
Олам
−
14 Май 2022
5548Эронда нон нархининг кўтарилиши норозилик намойишларига сабаб бўлди ва натижада баъзи дўконлар ёқиб юборилди. Полиция кўплаб “провакаторларни ҳибсга олган”. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги маълум қилди.
Норозиликларга давлат томонидан импорт қилинадиган буғдой учун субсидияларнинг қисқартирилиши сабаб бўлган, бу эса асоси ун бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг 300 фоизга ошишига сабаб бўлган.
Эроннинг расмий инфляция даражаси 40 фоиз атрофида ва баъзилар буни 50 фоиздан ортиқ деб ҳисоблашади. Ҳозирда 82 миллионлик Эрон аҳолисининг деярли ярми қашшоқлик чегарасида яшайди.
Ҳукумат яқин бир неча ой ичида чекланган миқдордаги нон учун рақамли купонларни субсидияланган нархларда таклиф қилишни режалаштирмоқда. Қолганлари бозор нархларида таклиф қилинади. Бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам кейинроқ субсидияли тартибга ўтказилиши режалаштирилган.
“Reuters” маълумотларига кўра, бир қатор шаҳарларда норозилик намойишлари бўлиб ўтди, унда оломон нархлар ошишига қарши шиорлар айтиб, баъзи дўконларни ёқиб юборишган. Ҳаммаси бўлиб 22 киши ҳибсга олинган.
“Провокаторларнинг намойишчиларни гижгижлашга уринишларига қарамай, митинглар хавфсизлик кучларининг аралашуви билан якунланди”, — дея хабар берган маҳаллий IRNA нашри.
Энг йирик намойиш нефтга бой жануби-ғарбий Хузистон вилоятидаги Дезфул шаҳрида бўлиб ўтди. Нашриёт хабарига кўра, хавфсизлик кучлари 300 га яқин одамни тарқатиб юборган ҳамда шаҳарда “тартибсизлик яратишга уринган” 15 киши ҳибсга олинган.
Шунингдек, Эрон ғарбидаги Чахормахаль ва Бахтиария вилоятидаги Шаҳри-Курдда 200 га яқин одам намойиш ўтказган, дея маълум қилди “Reuters”.
Давлат телевидениеси Шаҳри-Курдда осойишталик ўрнатилганини айтсада, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоларда тартибсизликлар 13 май куни шимоли-ғарбдаги Ардабил, шимолдаги Рашт ва жануби-шарқдаги Эроншаҳр каби шаҳарларга ёйилганини кўрсатмоқда.
Февраль ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери буғдой нархи глобал миқёсда кескин ошди ва Эрондаги субсидиялар нархини ошириб юборди.
Эрон расмийлари, шунингдек, нархларнинг кўтарилишини қўшни Ироқ ва Афғонистонга субсидияланган нон контрабандаси билан боғлаган.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси