Эронда “Моссад” жосуси қатл этилди

Олам

image

Эронда “Моссад” фойдасига жосуслик қилишда айбланган эркак қатл этилди. Бу ҳақда “Mizan” нашри хабар берди.

Нашрга кўра, гап 2024 йил декабрида ҳибсга олинган Исмоил Фекри исмли шахс ҳақида бормоқда. У Эрон ҳақидаги махфий маълумотларни пул эвазига узатган ва Исроил разведкаси – “Моссад”нинг икки ходими билан алоқада бўлган.

Тергов маълумотларига кўра, Фекри “Моссад” зобитларидан бирига шифрланган алоқа орқали Эроннинг яширин объектлари, штаб-квартиралари жойлашуви, шунингдек, айрим шахслар ҳақидаги маълумотларни етказишга ҳаракат қилган.

Фекрининг адвокати суд ҳукмини бекор қилишга ҳаракат қилган, бироқ Эрон Олий суди апелляцияни рад этиб, ҳукмни тасдиқлаган. Бугун, 16 июнь куни эрталаб у осиш орқали қатл этилган. Маълумотларга кўра, Исмоил Фекри форс миллатига мансуб бўлган. 

Қайд этиш жоиз, аввалроқ Эрон пойтахти Теҳронда “Моссад” агентларининг дрон йиғадиган устахонаси топилганди. Устахонада катта миқдорда дрон қисмлари тайёр ҳолатда сақланаётган бўлган. У ерда нафақат дронлар, балки қўлбола портловчи мосламалар ҳам тайёрланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойи охирида Эрон расмийлари Исроил фойдасига жосуслик қилганликда айбланган Педрам Мадани исмли шахсга нисбатан чиқарилган ўлим ҳукми ижро этилганини маълум қилганди.

Шунингдек, бироз олдинроқ ҳам Эрон Олий суди ҳукми билан Исроил махсус хизмати билан ҳамкорлик қилганликда айбланган Моҳсен Лангарнешин қатл этилганди. Лангарнешин тергов давомида айбини тан олган. Суд вакиллари унинг “Моссад” фойдасига олиб борган жосуслик фаолияти, террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлагани, шунингдек, Исроил разведкаси билан алоқа учун фойдаланилган махфий коммуникация линияси аниқланганини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ўлим жазоси жосус Моссад

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг