Эронда Маҳса Амини вафотининг икки йиллиги арафасида намойишлар бўлди
Олам
−
16 Сентябрь
3251Эронда кеча, 15 сентябрь куни курд миллатига мансуб Маҳса Амини ўлимининг икки йиллиги муносабати билан оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда “France 24” хабар берди.
Намойишлардан бир кун аввал мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилганига қарамай, одамлар қизнинг хотирасини ёд этиш учун кўчаларга чиқди. Эрон пойтахти ва Аминининг она шаҳри Саққезда кўплаб полиция ва хавфсизлик ходимлари патруль ўтказди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ёш намойишчилар эронлик қўшиқчи Шервин Ҳажипурнинг икки йил аввал Маҳса Амини вафотидан кейин аёллар ҳуқуқлари ҳаракати мадҳиясига айланган “Аёл, ҳаёт, озодлик” қўшиғини куйлаган. Марҳум қизнинг оила аъзоларига унинг қабрига боришга рухсат берилмаган. Қабристонга яқинлашиш полиция ходимлари томонидан назорат қилинган. Аминининг ота-онаси уй қамоғига олинган.
Эроннинг Эвин қамоқхонасидаги аёл маҳбуслар намойишларга бирдамлик учун очлик эълон қилди.
“Бугун Эвин қамоқхонасидаги 34 нафар сиёсий маҳбус аёл “Аёллар, ҳаёт, озодлик” ҳаракати ва Маҳса Амини ўлдирилишининг икки йиллиги муносабати билан очлик эълон қилди”, дейди эронлик инсон ҳуқуқлари фаоли, Тинчлик учун Нобель мукофоти совриндори Наргес Муҳаммадий.
Парижда юзлаб одамлар аёллар ҳаракати ва Эрон мухолифатини қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳар бўйлаб юриш қилиб, Аминига ҳурмат бажо келтирди. Маршда Эронда жосуслик учун ноҳақ ҳибсга олинган Франция фуқароси Бенжамин Бриер ҳам иштирок этди. Бриер 2023 йилнинг май ойида Эрон қамоқхонасидан озод қилинган. Париж Эрон ҳукуматини ҳозиргача халқаро майдонда ўз манфаатлари йўлида музокаралар олиб бориш учун хорижлик гаровга олинганлардан фойдаланганликда айблайди.
Маҳса Амини 2022 йил 16 сентябрда рўмолни нотўғри ўрашда айбланиб, ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан сўнг вафот этди. Ўшанда у 22 ёшда эди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, қизнинг юрак хуружи бўлган. Қариндошлари, ўз навбатида, Маҳсанинг юраги билан боғлиқ муаммо йўқлигини таъкидлаб, унинг ўлими сабабини ҳибсда калтакланганлиги деб атаган.
Аминининг дафн маросимидан сўнг Эрон ғарбида “Аёл, ҳаёт, эркинлик!” шиори остида оммавий норозилик намойишлари бошланди. Кўп ойлар давомида тартибсизликлар давом этди. Ноҳукумат ташкилотларга кўра, намойишлар пайтида 550 дан ортиқ намойишчи ҳалок бўлган, 7 киши қатл этилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг декабрь ойида Эрон Маҳса Амини оиласига “Аёл, ҳаёт, эркинлик” ҳаракати томонидан марҳумага берилган Сахаров мукофотини олиш учун мамлакатни тарк этишга рухсат бермаганди.