Эронда коронавируснинг иккинчи тўлқини авжига чиқди
Олам
−
04 Июнь 2020
13031Эрон Ислом Республикаси коронавируснинг иккинчи тўлқинини бошдан кечирмоқда. Бугун, 4 июнь куни мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолати бўйича рекорд ўрнатилди. Охирги бир суткада 3 574 та касалликка чалиниш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда IRNA ахборот агентлиги маълум қилди.
Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Киянуш Жаҳанпур маълум қилишича, бир суткада 59 киши коронавирус сабаб ҳаётдан кўз юмган. Эронда авж олган касалликлардан вафот этганлар жами 8 071 нафари ташкил қилмоқда. Шу билан бирга, жами 164 270 касаллик ҳолатлари қайд этилган. Шу вақтгача Эронда 127 485 киши соғайган.
Эронда кунлик коронавирусга чалиниш динамикаси. Бунда сиз Эрондаги эпидемиянинг иккинчи тўлқинини кўришингиз мумкин.
Қайд этилишича, 2 июнь куни Эронда икки ойдан кўпроқ вақт ичида биринчи марта коронавирус инфекцияси билан касалланиш сони кунига 3000 дан ошди. Олдинги сафар 30 март куни 3186 та ҳолат қайд этилган эди.
Эрондаги мавжуд беморлар сони. Майнинг ўртасида мамлакатда карантин чекловлари юмшатила бошланган. Шундан сўнг, эпидемиянинг қайта авж олиши кузатилди.
Шу билан бирга, май ойи бошида кунига коронавирус билан 802 та янги юқтириш ҳолатлари қайд этилган. Бу кўрсаткич икки ой ичидаги энг ками ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Эрон апрель ойининг ўртасида коронавирусга қарши курашда муваффақият қозонаётганини маълум қилган эди.