Эронда қизлар мактаби бомбаланди. АҚШ айбини тан олмаяпти

Олам

image
Миноб мактабида қурбон бўлганларнинг дафн маросими ўтказилди (фоторепортаж) north_east

Миноб мактабида қурбон бўлганларнинг дафн маросими ўтказилди (фоторепортаж)

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушининг биринчи куни – 28 февралда Эроннинг Миноб шаҳридаги қизлар мактаби вайрон қилинди. Ҳокимият маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида камида 165 киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти дарс пайтида мактабда бўлган ўқувчи қизлар эди. Журналистлар қурбонлар сонини мустақил тасдиқлай олмаган.

БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар бу ҳужумни қоралади. Теҳрон бу воқеа учун АҚШ ва Исроилни айблади. АҚШ Президенти Дональд Трамп эса “буни эронликлар қилган” деб баёнот берди. Бироқ, АҚШ армияси бошлаган дастлабки текширув натижалари, шунингдек экспертлар ва журналистлар хулосаларига кўра, Минобдаги мактабга зарбани айнан АҚШ берган бўлиши мумкин. Бу версияни қўллаб-қувватлайдиган бир нечта далиллар бор.

Мактабнинг жойлашуви. “Шажаре Тайебе” номли қизлар мактаби девор ортида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) базаси ёнида жойлашган бўлиб, у ҳам ҳужумга учраган. Мутахассислар маълумотига кўра, бу ерда ИИҚКнинг денгиз кучлари объектлари бўлган. Сунъий йўлдош тасвирлари бинo аввал базага тегишли бўлганини, тахминан 10 йил олдин эса девор билан ажратилганини кўрсатади. Кейинчалик бинo атрофида мактабга хос майдонча ва рангли панжаралар пайдо бўлган. Айрим экспертлар бу ерда ИИҚК ҳарбийларининг қизлари ўқиган бўлиши мумкинлигини айтди. Аммо ҳатто шундай бўлган тақдирда ҳам мактаб фуқаролик объекти ҳисобланади ва ҳарбий мақсад сифатида нишонга олиниши мумкин эмас.

Зарбанинг мақсадлилиги. Мактаб ва унга яқин база биноларидаги шикастланишлар уларга деярли бир вақтда ҳаводан аниқ зарбалар берилганини кўрсатади. Мутахассислар бу ҳолат мактабни Эроннинг носоз ҳаво мудофаа ракетаcи уриб туширгани ҳақидаги версияга зид эканини айтмоқда.

АҚШ армиясининг ҳаракат ҳудуди. 4 март куни Пентагон урушнинг дастлабки 100 соатида АҚШ ва Исроил Эронда зарба берган ҳудудлар харитасини кўрсатди. Миноб алоҳида белгилаб қўйилмаган бўлса-да, шаҳар атрофида Америка ва Исроил зарбаларини билдирувчи белги бор эди. Шу билан бирга, бу жойда Эроннинг қарши ҳужумларини кўрсатувчи белги йўқ эди. Хабарларга кўра, Исроил асосан Эрон шимолидаги ракета қурилмаларига зарба берган, АҚШ эса мамлакат жанубидаги объектлар, жумладан, денгиз кучлари базаларига ҳужум қилган. Минобдаги база ҳам шундай объектлардан бири бўлган. Исроил армияси бу ҳудудда операция ўтказмаганини билдирди.

Tomahawk ракетаcи тасвири. 8 март куни Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги мактабга зарба берилган лаҳза акс этгани айтилган видеони эълон қилди. “Bellingcat“, BBC ва “Sky News” тадқиқотчилари видеонинг ҳақиқатан мактаб атрофида олинганини тасдиқлади. Улар тасвирда Tomahawk cruise missile ракетаcини ҳам аниқлаган. Бу ракета ИИҚК базаси ҳудудига тушган бўлиши мумкин. Бу можарода Tomahawk ракеталаридан фақат АҚШ фойдаланган – Эрон ва Исроилда бундай ракета йўқ.
  
Манбаларнинг гувоҳлиги. АҚШ ҳарбий терговчилари чиқарган дастлабки хулосаларга кўра, мактабга берилган зарба учун айнан америкалик ҳарбийлар жавобгар бўлиши мумкин. “Reuters”, AP ва CBS манбалари бу ҳақда хабар берган. Уларнинг айтишича, зарба эҳтимол хатолик билан берилган: разведканинг эски маълумотларида мактаб биноси ҳали ҳам ИИҚК базаси қисми сифатида кўрсатилган.

АҚШ армияси олиб бораётган текширувнинг якуний натижалари ҳали эълон қилинмаган. Трамп маъмурияти вакиллари мактабга зарбани АҚШ берганини на тасдиқламоқда, на рад этмоқда. Улар фақат америкалик ҳарбийлар фуқаролик объектларига атайлаб ҳужум қилмаслигини билдирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Исроил Миноб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг