Эронда Германия фуқороси ўлимга ҳукм қилинди
Олам
−
22 Февраль 2023
8800Эрон суди Германия-Эрон фуқароси Жамшид Шармаҳдни “Ердаги коррупция” жиноятида айбдор деб топиб, уни ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШда яшаб келган 67 ёшли Шармаҳд 2020 йилда эрон агентлари томонидан ўғирлаб кетилган ва Уммон орқали Эронга олиб ўтилган. Теҳрон суди Жамшид Шармаҳдни террор амалиётларини режалаштириш ва уларга раҳбарлик қилиш орқали Ер юзида коррупцияни тарқатишда айбдор деб топган. Суд унинг “Тондар” номи билан танилган террорчи гуруҳининг етакчиси бўлгани ва 23 та терактни режалаштиргани, шулардан бештаси муваффақиятли бўлгани, жумладан, 2008 йилда 14 кишининг ўлимига сабаб бўлган Шероздаги масжидни портлатгани ҳақида маълум қилган.
Бироқ Жамшид Шармаҳд бу даъвони рад этган. Инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам у мажбурий иқрорлар асосида ўта адолатcиз судга дуч келганини айтган. Шунингдек, Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ҳукмни қоралаган.
“Биз Эронни апелляция жараёнидаги ушбу камчиликларни бартараф этишга, ҳукмни шунга мос равишда тузатишга ва ўлим жазосидан воз кечишга чақирамиз. Шармаҳдга ўлим жазоси қўлланилиши кучли жавобга сабаб бўлади”, дейилади Германия ТИВ баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эрон Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, Британия-Эрон фуқароси Алиризо Акбарий Буюк Британия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, ўлимга ҳукм қилинганди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси