Эронда букмекерларни реклама қилган блогер ўлимга ҳукм қилинди
Олам
−
28 Июль 2023
11893Эронда букмекерлик компанияларини реклама қилган блогер Милад Ҳотамий ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Arbat Media” хабар берди.
Эронда букмекерларни реклама қилган ва қимор ўйинларида миллионлаб пул ишлаб топганини даъво қилган блогер Милад Ҳотамийни осиб ўлдиришга ҳукм қилинди. Ҳотамий Туркияда ҳибсга олиниб, 2021 йилда Интерпол талабига биноан Эронга экстрадиция қилинган. Эронда у икки йил суд қилинган.
Ҳозирда 959 минг обуначига эга бўлган блогернинг аккаунти блокланган. Профиль сарлавҳасида айтилишича, саҳифа фаолияти адлия органларининг буйруғи билан жиноий таркиб нашр этилгани сабабли тўхтатилган.
Айбдорлик ҳукми чиқарилганидан бери тўрт ой ўтган. Шунинг учун у аллақачон кучга кириши мумкин.
Маълумот учун, букмекер бу эҳтимоллик назарияси — қиморга оид, шунингдек, ютуқларни тахмин қилиш орқали олдиндан келишилган коэффициентлар билан (кўпинча спорт турлари) бўлажак турли тадбирларга нақд пул гаровларини қабул қилишга асосланган касб ҳисобланади. Кўпгина букмекерларни ўзида жамлаб фаолият юритаётган ташкилотлар эса “букмекерлик конторалари” деб аталади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда ўтаётган футбол мусобақасида қиморга асосланган ўйин реклама қилинганди. Қайд этиш жоиз, "Реклама тўғрисида"ги қонуннинг 46-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни, шунингдек, телекоммуникация тармоқлари ва интернетдан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар рекламаси тақиқланади.