Эрон Зангезур коридорининг АҚШ назоратига ўтишига қарши чиқди

Олам

image

Эрон ҳукумати Озарбайжон ва Нахчиван анклави ўртасида Арманистон ҳудуди орқали ўтадиган Зангезур йўлагини АҚШ қабул қилиб олишига қарши чиқди. Бу ҳақда “Tasnim” хабар берди.

Эрон олий раҳнамосининг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Али Акбар Велаяти Ислом Республикаси йўлак яратишга рухсат бермаслигини айтиб, бу йўлак АҚШ Президентига тегишли маршрут эмас, балки “Дональд Трампнинг ёлланма аскарлар қабристони”га айланишини айтди.

Велаятининг қўшимча қилишича, Эрон ҳар доим Зангезур йўлаги яратилишига қарши бўлиб келган, чунки бу Эрон чегараларини қайта кўриб чиқиш ва Арманистоннинг парчаланишига олиб келади, шунингдек, Жанубий Кавказ хавфсизлигига таҳдид солади. У коридор яратилишини Эрон ва қўшни давлатларга қарши сиёсий фитна, деб атади.

“Эрон Россия билан ёки Россиясиз Жанубий Кавказнинг хавфсизлик манфаатларига мувофиқ ҳаракат қилишини таъкидламоқда. Биз Россия ҳам стратегик жиҳатдан бу коридорга қарши, деб ҳисоблаймиз”, деган Велаяти.

Унинг таъкидлашича, Эрон ўз манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Эрон олий раҳбарининг маслаҳатчиси Озарбайжонга Нахчиван Мухтор Республикасига бориш учун алоҳида йўлак керак эмас, чунки у Эрон ҳудудидан алоқа учун фойдаланиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Арманистон ва Озарбайжон 8 август куни АҚШ воситачилигида ҳарбий ҳаракатлардан воз кечиш ҳақидаги декларацияни имзолади. Декларацияда, жумладан, Озарбайжон ва Нахчиван эксклави ўртасида транспорт йўлаги яратилиши айтилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Илҳом Алиев Ўзбекистон ҳам манфаатдор бўлган Зангезур коридори нега муҳимлигини тушунтириб берган эди. Алиев ўшанда Зангезур транспорт йўлаги Озарбайжон лойиҳаси бўлиб, ундан Россия, Эрон, Туркия ва бошқа қатор давлатлар, жумладан Ўзбекистон ҳам манфаатдор бўлишини айтиб ўтган. У Осиёдан Европага энг қисқа қуруқлик йўлини таъминлайди.  Жорий йилда эса Арманистон парламенти вице-спикери Рубен Рубинян Арманистон ҳеч қачон Озарбайжонга ўз ҳудудида коридор беришга рози бўлмаслигини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Озарбайжон Зангезур коридори Али Акбар Велаяти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made