Ақш урушга қўшиладими?

Таҳлил

Яқин Шарқда кескинлик соат сайин ошмоқда. Минтақа яна бир йирик эскалация ёқасида турибди. Ўтаётган ҳар кун Эрон ва Исроил урушидаги қизил чизиқларни бирма-бир тугатиб бормоқда. Трамп барча зудлик билан Теҳрондан эвакуация қилиниши кераклигини айтди. Нетаньяху эса Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлдирилиши икки ўртадаги урушни тугатади, дея таъкидлади. “Iran International” манбаларига кўра, Хоманаий Исроил ҳарбий амалиёти бошланганидан бир неча соат ўтиб Теҳрон шимоли-шарқидаги ерости бункеридан паноҳ топган бўлиши мумкин. Нашрнинг қайд этишича, Исроилга қарши олдинги амалиётлар чоғида, яъни 2024 йилнинг апрель ва октябрь ойларида ҳам Хоманаий айнан шу бункерда бўлган.

Трампнинг сўнгги ҳаракатлари эса хавотирларни янада кўпайтирмоқда. У 16 июнь куни Канадада ўтаётган G7 саммитида Россияни бу клубдан чиқариб юборилганини танқид қилиб, муддатидан олдин ортга қайтди. Оқ уй эса унинг бу қарорини Яқин Шарқдаги вазиятнинг жиддий тус олгани билан изоҳлади. “Катта еттилик” (G7) давлатлари эса Исроилни қўллаб-қувватлашларини билдирди ҳамда унинг рақиби Эронни Яқин Шарқдаги беқарорлик манбаи сифатида таърифлади. Трамп эса Truth Social’даги саҳифасида “Эрон у таклиф қилган битимни имзолаши кераклиги, айни дамда эса барча зудлик билан Теҳронни тарк этиши лозимлиги” ҳақида ёзиб, можаронинг янада кучайишига ишора қилди.

“Эрон мен уларга имзолашни айтган “битим”ни имзолаши керак эди. Бу шармандалик ва инсон ҳаётининг бекорга сарфланишидир. Оддий қилиб айтганда, Эрон ядровий қуролга эга бўла олмайди. Буни қайта-қайта айтиб келдим! Барча зудлик билан Теҳрондан эвакуация қилиниши керак!” деб ёзди Трамп.

“Fox News” АҚШ раҳбари Яқин Шарқда юзага келган вазият туфайли Миллий хавфсизлик кенгаши аъзоларидан Оқ уйдаги махсус вазиятлар хонасида тўлиқ таркибда йиғилишини сўрагани ҳақида хабар берди. Бироз ўтиб, Пентагон раҳбари Яқин Шарққа қўшимча ҳарбий кучлар юборилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу кучлар АҚШ Қуролли кучларини ҳимоя қилиш мақсадида юборилади. Пентагон раҳбари ушбу ҳаракат минтақадаги мудофаа позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Бу томонда АҚШнинг арзандаси ҳам можарога керосин сепиб, ABC News телеканалига берган интервьюсида Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилса, бу Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятга барҳам беради деган фикрни илгари сурди.

“Бизда бу режим томонидан ёйилган ярим асрлик можаро бор, у Яқин Шарқдаги ҳаммани даҳшатга солади. У Саудия Арабистонидаги Aramco нефть конларини бомбардимон қилди, ҳамма жойда террор, қўпорувчилик ва саботажни тарқатди. Эрон “абадий уруш” истайди, бу бизни ядро уруши ёқасига олиб келади. Аслида, Исроил бунинг олдини олади, бу тажовузга чек қўяди ва биз буни фақат ёвуз кучларга қарши туриш орқали қила оламиз”, деган Нетаньяху.

Исроилнинг “ақлдан озган” Мудофаа вазири Кац эса Хоманаийни Саддам Ҳусайнникига ўхшаш тақдир кутаётгани билан қўрқитди.

“Мен Эрон диктаторидан уруш жиноятларини давом эттиришни ва Исроил фуқароларини ўққа тутишни тўхтатишни сўраб, огоҳлантираман. У худди шу ишни қилган Ироқ раҳбарини эслаши керак”, деган Исроил Кац.

Урушнинг 4-куни: Жасоратли аёл ва эронлик ҳакерлар

Бу орада Эрон ва Исроил урушининг 4-куни ҳам ҳаво ҳужумлари ва ёнғинлар, йўқотишлар ва вайроналар билан ўтаётган эди. Энг қизиғи, ҳар куни деярли бир хил сценарий. Куннинг иккинчи қисмида тушдан кейин Исроил Эронга ҳужум бошлайди, кечга бориб эса Эрон бу учун Исроилга қасос зарбалари йўллаб, ушбу амалиётни ярим тунга қадар давом эттиради. Кундузи йўлланадиган баъзи зарбалар эса бундан мустасно. 16 июнь ва 17 июнга ўтар кечаси икки ўртадаги қарама-қаршиликда энг кўзга кўринган воқеликлар эса қуйидагилардан иборат бўлди. Дастлаб одатдагидек биринчи бўлиб Исроил Эронга ҳужум қилди.

Эрон давлат телеканалининг таҳририяти жойлашган бинога зарба берилди. Жонли эфирни олиб бораётган мамлакатнинг энг машҳур телебошловчиларидан бири Саҳар Имомий портлашдан сўнг, студияни тарк этди. Кўп ўтмай кадр кул билан қопланди ва эшиттириш бир неча сонияга тўхтатилди. Аммо кўп ўтмай, Имомий студияга қайтди ва эфирни давом эттирди. Баъзи маълумотларга кўра, олдинроқ Исроил Эрон пойтахтининг телеканал таҳририяти жойлашган туманига зарба берилиши ҳақида расмий огоҳлантирган ва туман аҳолисини зудлик билан у ерни тарк этишга чақирган. Аммо таҳририят аъзолари буни рад этиб, ишни давом эттирган. Шунингдек, ЦАХАЛ кучлари шу кунги ҳужумларда Эроннинг янги бош штаб бошлиғи, мазкур лавозимга 3 кун олдин вафот этган Муҳаммад Бағирий ўрнига тайинланган Али Шодмоний ўлдирилганини эълон қилди. Исроил армияси баёнотида айтилишича, Али Шодмоний Эрон олий раҳбари Али Хоманаийнинг энг яқин ҳамкорларидан биридир. Аммо Эрон бу маълумотни ҳали тасдиқламади.

Шу ўринда Эрон мудофааси ҳам Исроилнинг F-35 самолётини уриб тушириш билан ҳаво мудофааси ҳали уйғоқ эканини исботлади. Аммо урушнинг 4-кунида Эрон томонидан қилинган ҳакерлик ҳужумлари бу можарода яна бир бурилиш бўлди. Эронлик ҳакерлар Исроил телевидениесига киберҳужум уюштириб, кўплаб каналларни сигналдан маҳрум қилгани айтилди. Шунингдек, сўнгги кунларда Эроннинг севимли нишонига айланган Ҳайфага яна ракета ҳужуми уюштирилди. Шаҳардаги аянчли манзараларни расмга тушириш, бу ердаги журналистик фаолият буткул тўхтатилгани айтилмоқда. Ҳатто баъзи манбалар Эрон зарбаларидан кейинги вайроналарни тасвирга олган фуқаролар ҳибсга олинаётгани ҳақида хабар берди. Ракета ҳужумларини жонли трансляция қилиб келаётган You Tube каналлар эса блокланаётгани айтилмоқда. Чунки ортда қолган 4 кун давомида Эроннинг Исроилга йўллаган ҳалокатли зарбалари оқибатида яҳудий давлатидаги шаҳарларнинг кўплаб нуқталари Ғазо тусига кирганига бутун дунё гувоҳ бўлди. Исроил расмий доираларининг бундай чекловлари эса аҳолининг ваҳимага тушмаслиги учун қилинмоқда. Баъзи нашрлар исроилликлар яхталар орқали Кипрга қочаётгани ҳақида хабар бермоқда.

Исроил тўхтамайди – Трамп

Трамп Канададаги G7 саммитидан қайтаётганда Исроилнинг Эронга ҳужумлари тўхтамаслигини маълум қилди. У Яқин Шарқдаги вазиятни Оқ уйдаги фавқулодда вазиятлар хонасидан кузатиб боришини қайд этди. Трамп воқеалар ривожи қандай якун топишини “кейинги икки кун ичида аниқ бўлиши, аммо ҳозирча ҳеч ким тезликни пасайтирмаётганини”, таъкидлади. У одамлар хавфсизлиги, жумладан, Теҳроннинг эвакуация қилинишидан хавотирда эканини қўшимча қилди. Шимолий Корея ёки Россиядан Эронга ёрдам белгилари борми, деган саволга эса Трамп “мен бундай нарсани кўрмаганман” деб жавоб қайтарди.

Шунингдек, Трамп Эрон билан музокаралар олиб бориш учун АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф ёки вице-президент Жеймс Девид Вэнс юборилиши мумкинлигини ҳам истисно қилмади. Президент, шунингдек, Эрон Америка ҳарбийларига тегса, АҚШ унга “қаттиқ жавоб” беришини айтди. Бундан ташқари, Дональд Трамп Эрон ядро қуролидан воз кечиши учун можарога АҚШнинг аралашуви керак бўлмаслиги ва бу масала ундан анча ҳал қилинишига ишонч билдирди. Бундан келиб чиқадики, Трамп Исроил қўли билан Эронни ён беришга мажбурлаётган бўлиши мумкин. Чунки айнан шу можаро Эронни ядро қуролидан воз кечиш ёки урушни давом эттириш каби қийин дилемма қаршисида қолдирди. Бироқ форс қонунчилари ядро масаласида барибир бўйин эгмаслик йўлидан кетмоқчи экани ҳақида хабарлар бор. Улар ядрони тарқатмаслик тўғрисидаги 1970 йилда Эрон томонидан ратификация қилинган шартномадан чиқиш бўйича ҳаракатларни бошлаши мумкинлиги айтилмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг