Эрон ва Ироқ Суриядаги вазиятдан хавотирда – Пезешкиён (видео)
Олам
−
08 Январь
1341Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ва Ироқ Бош вазири Муҳаммад Шиа ал-Суданий ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Суриядаги долзарб воқеалар контекстида икки давлатнинг умумий хавотирлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда ИРНА хабар берди.
Учрашувда суҳбатдошлар Сурияда барқарорлик ва хавфсизлик, унинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш, террорчи гуруҳларга қарши кураш, Исроил қўшинларини босиб олинган ҳудудлардан олиб чиқиш зарурати, шунингдек, диний туйғуларга, айниқса, шиа зиёратгоҳларига эътибор қаратиш масалаларини муҳокама қилди.
Президент Пезешкиённинг таъкидлашича, Ироқ терроризм таҳдидини муваффақиятли енгиб, тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда. У мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бундан кейин ҳам ривожланиб, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишига умид билдирди.
Бунга жавобан Бош вазир ал-Суданий самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ушбу ташриф ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва барқарор давлатлараро муносабатларни ўрнатишга қаратилганини таъкидлади. Ал-Суданий, шунингдек, Ғазодаги уруш жиноятлари ва фаластинликларнинг қирғинини қоралаб, минтақада хавфсизлик ва тинчликка таҳдид солаётган Исроил режимининг зўравонликларини тўхтатишда халқаро ҳамжамият самарасиз эканини айтди.
Барқарорликни тиклаш муҳимлигини қайд этган Бош вазир Ироқнинг Ғазодаги можарога барҳам бериш ва эркин давлат доирасида Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқларини таъминлаш зарурлиги ҳақидаги позициясини тасдиқлади. Ливанда тинчлик ва сулҳни сақлашга содиқлик яна бир бор тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон томони ташаббуси билан Россия Президенти Владимир Путин ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтганди. Томонлар Сурия қонуний ҳукумати томонидан конституциявий тартибни тиклаш ва мамлакат ҳудудий яхлитлигини сақлашга қаратилган ҳаракатларни мутлақ қўллаб-қувватлашини билдирганди.