Эрон Швеция фуқаросини қатл этди
Олам
−
06 Май 2023
17139Бугун, 6 май куни эрталаб Эронда “Ҳаракат ан-Нидаль” сепаратистик гуруҳи раҳбари Ҳабиб Фаражуллоҳ Чааб қатл этилди. Бу ҳақда Эрон суд ҳокимияти матбуот хизматига таяниб, “Mizan” агентлиги хабар берди.
Эрон расмийларига кўра, Чааб 2005 йилдан бери тақиқланган “Ҳаракат ан-Нидаль” гуруҳига раҳбарлик қилиб келган. Ушбу гуруҳнинг ҳаракатлари натижасида 450 дан ортиқ Эрон фуқаролари ҳалок бўлган ёки яраланган. Хусусан, 2018 йил 22 сентябрь куни “Ҳаракат ан-Нидаль” томонидан уюштирган Аҳваздаги ҳарбий парадга ҳужум оқибатида 25 киши ўлган ва 60 киши яраланган.
2020 йилнинг кузида Эрон разведка идоралари Чаабни қўшни Туркияда қўлга олиб, Теҳронга олиб кетган. 2022 йилда у Эрон жануби-ғарбидаги нефтга бой Хузистон вилоятида алоҳида давлат тузишга интилаётган ҳаракатга раҳбарлик қилиш ҳамда “кўп сонли портлашлар ва террористик амалиётлар”ни режалаштириш ва амалга оширишда айбланиб, судга тортилган.
Айтилишича, Ҳабиб Фаражуллоҳ Чааб ҳам Эрон, ҳам Швеция фуқаролигига эга бўлган. Шунинг учун ҳам Швеция Ташқи ишлар вазирлиги унинг қатл этилишига норозилик билдириш учун Эрон элчиси ўринбосарини чақиртирган. Швеция Ташқи ишлар вазири Тобиас Билльстром эса Чаабнинг қатл этилишига "даҳшат" билан муносабат билдирган ва Швеция Эрондан буни амалга оширмасликни илтимос қилганини айтган.
“Ўлим жазоси ғайриинсоний ва қайтариб бўлмайдиган жазодир. Швеция бошқа Европа Иттифоқи давлатлари билан биргаликда ҳар қандай шароитда унинг қўлланилишини қоралайди", дейди Тобиас Билльстром.
LiveБарчаси