Эрон ракетаси Исроил шифохонасига қулади
Олам
−
19 Июнь 13286 2 дақиқа
Бугун, 19 июнь куни Исроил ҳудудига янги ракета ҳужумлари уюштирилди. Улардан бири Исроил жанубидаги Беэр-Шева шаҳрида жойлашган “Сорока” номли шифохонага тушди. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар берди.
Маълум қилинишича, ракета зарбасидан шифохона биноси сезиларли даражада шикастланган. “Сорока” тиббий маркази вакили нашрга берган интервьюсида “шифохонага жиддий зарар етгани, жабрланганлар борлиги”ни тасдиқлаган.
Шунингдек, Эрон ракеталари Тель-Авив, Рамат-Ган ва Ҳолон шаҳарларига ҳам зарба бергани хабар қилинмоқда. Ҳолон шаҳрида ракета тураржой биносига тушиб, бино бир қисмининг қулашига сабаб бўлган. Оқибатда бир киши оғир, яна 20 киши енгил жароҳат олган. Рамат-Ган шаҳрида ҳам тахминан 20 киши жароҳатлангани айтилмоқда.
Исроилнинг жавоб зарбалари
19 июнь тонгида Исроил армияси (ЦАХАЛ) Эрон ҳудудига навбатдаги ҳужумларни амалга оширди. Расмий баёнотга кўра, нишонга олинган объектлар Теҳронда жойлашган бўлиб, улар Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқиш ва ракета ишлаб чиқариш дастурларига алоқадор иншоотлар бўлган.
Ҳужумдан олдин Исроил расмийлари Эроннинг Арок ва Хондаб шаҳарларидаги аҳолига мурожаат қилиб, бу ҳудудларда ҳарбий нишонлар бўлиши сабабли эвакуация қилишни тавсия қилган.
Эрон телевидениеси хабарига кўра, Арок шаҳрида оғир сув асосида ишловчи ядровий реакторга зарба берилган. Ҳужумдан аввал ушбу объектда эвакуация ўтказилган бўлиб, расмийлар радиация таҳдиди йўқлигини билдирган. Маълумотларга кўра, бу реактор ҳали тўлиқ қурилмаган ва 2026 йилда ишга туширилиши режалаштирилган эди.