Эрон Хоманаийни сўнгги йўлга кузатишга қандай тайёрланмоқда?

Олам

image

Эрон ҳукумати марҳум олий раҳбар Али Хоманаий билан бир ҳафта давом этадиган оммавий хайрлашув маросимларига тайёргарлик кўрмоқда. Мамлакат раҳбарияти бу тадбирни Ислом Республикасига халқ садоқатини намоён этиш ва инқилобий руҳ сақланиб қолаётганини кўрсатиш имконияти сифатида баҳолаган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Али Хоманаий АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруш бошланганида амалга оширилган дастлабки зарбаларда ҳалок бўлган эди. Қайд этилишича, дам олиш кунларидан, яъни 5 июль кунидан Теҳронда мотам тадбирлари бошланади. Кейинги кунларда эса Қум ва Машҳад шаҳарларида оммавий юришлар, шунингдек, Ироқда ҳам махсус маросимлар ўтказилиши режалаштирилган.

“Шаҳид бўлган раҳбар ва бошқа шаҳидларнинг дафн маросимида халқнинг кенг иштирок этиши, аслида, Ислом Республикаси учун яна бир референдум бўлади”, деган Қум шаҳрининг масжид имоми Оятуллоҳ Муҳаммад Саидий давлат ОАВларига берган баёнотида.

Манбага кўра, расмийлар миллионлаб тарафдорларни мамлакатнинг турли ҳудудларидан олиб келиш учун транспорт, яшаш жойлари ва озиқ-овқат билан таъминлаш чораларини кўряпти. Хоманаийнинг ўлими ва унинг ўғли Мужтабо Хоманаийнинг Эроннинг учинчи Олий раҳбари сифатида ҳокимиятга келиши мамлакатнинг 47 йиллик тарихи учун янги босқичбўлиши мумкин. Отаси билан бирга қилинган ҳужумда оғир яраланган Мужтабо Хоманаий эса уруш бошланганидан буён ҳеч қандай янги сурат ёки оммавий чиқишда кўриниш бермаган.

Баъзи таҳлилчилар фикрича, ташқи томондан намоён этилаётган бирлик ортида Ислом Республикасини қўллаб-қувватлаш даражаси анча сусайган. Мамлакат аҳолисининг катта қисми кўп йиллик санкциялар оқибатидаги иқтисодий қийинчиликлар ва 1979 йилги инқилоб номи билан амалга оширилаётган сиёсий босимлардан чарчаган. Аҳолининг аксарияти ёшлардан иборат бўлиб, улар инқилоб даврини ўз кўзи билан кўрмаган.

Инфляция сабаб ўтган йил декабрь ва жорий йил январь ойларида бўлиб ўтган оммавий намойишларда кўплаб иштирокчилар Хоманаийга қарши шиорлар айтган эди. Расмийлар эса намойишларни куч билан тарқатганди. Хоманаий ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқала бошлаган дастлабки кунларда Теҳроннинг айрим ҳудудларида хонадонлардан қувонч қичқириқлари эшитилгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлганди.

Ҳозир эса Теҳронда вазият сокин, аммо таранглигича қолмоқда. Бу 1989 йилда биринчи Олий раҳбар Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайнийнинг дафн маросимидаги манзарадан кескин фарқ қилади. Ўшанда миллионлаб мотам тутувчилар кўчаларга чиққан, ҳатто жасад олиб кетилаётган машинага чиқиб кетгани сабабли инқилоб қўриқчилари одамларни ортга суришга мажбур бўлган эди.

Эроннинг сиёсий-диний тизимида Олий раҳбар нафақат давлат раҳбари, балки шиаликдаги ўн иккинчи имомнинг ердаги вакили ҳисобланади.

Манбанинг қайд этишича, Хоманаийнинг душман ҳужумида ҳалок бўлиши шиаликдаги шаҳидлик ва мотам анъаналари билан уйғунлашмоқда. Шу боис шаҳарларга қора мотам байроқлари осилган, мотам маросимларида Имом Ҳусайн шаҳидлигига оид рамзлар кенг қўлланиляпти. Кеча, 2 июль куни Теҳронда ишчилар янги Олий раҳбар Мужтабо Хоманаийни қўллаб-қувватловчи плакатларни ўрнатишни давом эттирган. Плакатларда марҳум Али Хоманаий ҳамда инқилоб рамзи ҳисобланган мушт тасвири акс этган.

“Бу ҳаётимдаги энг оғир кунлар. Имом Хумайний вафот этган вақтни эсламайман, аммо отамнинг айтишича, ўшанда бутун мамлакат қайғуга ботган эди. Бугун ҳам одамлар мотамда, айниқса раҳбаримиз шаҳид бўлгани учун”, деган 24 ёшли “Басиж” аъзоси Муҳсин.

Маълум қилинишича, бугун, 3 июль куни Россия, Хитой ва бошқа давлатлардан келган расмий делегациялар таъзия маросимларида иштирок этади. 4 июль куни эса Али Хоманаийнинг жасади Теҳрондаги масжидга олиб келинади. У билан бирга ўша ҳужумда ҳалок бўлган қизи, куёви, набираси ҳамда янги Олий раҳбар Мужтабо Хоманаийнинг турмуш ўртоғининг жасадлари ҳам кузатилади.

Мотам тадбирлари учун меҳмонхоналар 50 фоизлик чегирмалар эълон қилган. Мактаблар, масжидлар ва спорт иншоотлари минглаб одамларни қабул қилиш учун тайёрланган. Автобус ва темир йўл қатновлари ҳам асосий тадбирларга мослаштирилган.

Қайд этилишича, 6 июль куни Теҳрон марказида улкан юриш ўтказилади. Шундан кейин жасад Қум шаҳрига олиб борилади. 8 июль куни Ироқнинг Нажаф ва Карбало шаҳарларида, Эроннинг минтақадаги шиа иттифоқчилари иштирокида мотам маросимлари бўлиб ўтади. 9 июль куни эса Али Хоманаий Машҳад шаҳридаги Имом Ризо мақбараси яқинида дафн этилади.

Маросимлар давомида хавфсизлик чоралари кучайтирилади. Теҳрон ва бошқа шаҳарлар ҳаво ҳудуди вақтинча ёпилади. АҚШ ёки Исроил янги ҳужумларни бошлаган тақдирда, Эрон томонидан кескин жавоб қайтарилиши ҳақида огоҳлантирилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг