Эрон Исроилга жавоб қайтариш тўғрисида қарор қабул қилди – ОАВ
Олам
−
02 Ноябрь
6306Эрон парламенти Исроилга ҳарбий жавоб қайтариш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Эроннинг ягона палатали парламенти – Мажлиснинг Миллий хавфсизлик қўмитаси аъзоси Сардор Косарига таяниб, “Didban Iran” хабар берди.
Косарига кўра, Эроннинг Исроил зарбасига жавоби аввалги жавоблардан анча кучли бўлади ва “қаршилик ўқи” кучлари иштирокида амалга оширилади. Бундан ташқари, Яқин Шарқдаги қаршилик гуруҳлари Исроилга жавоб бериш учун Эрон Қуролли кучлари билан бирлашади.
Косари янги жавобнинг, 1 октябрда Эрон томонидан Исроилга қаратилган "Тўғри ваъда – 2" операцияси, яъни ракета зарбасидан анча кучли бўлишини билдирган.
“Баъзи ҳукумат амалдорлари ва бошқа шахслар биз Исроилга жавоб бермаймиз деб айтиши мумкин, лекин ҳукуматдаги ва ундан ташқаридаги бу одамлар қарор қабул қилмайди”, деди Косари.
Унга кўра, қарор парламент томонидан қабул қилинган. Ҳужумнинг аниқ санаси ва вақтини эса Қуролли кучлар белгилайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 октябрь куни Исроил Эроннинг 1 октябрдаги ҳужумларига жавобан мамлакат ҳудудидаги ҳарбий объектларга зарба берган эди. Эрон Ислом Республикаси ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари баёнотига кўра, ҳужум Эроннинг Илом, Теҳрон ва Ҳузистон вилоятларидаги ҳарбий объектларга қаратилган, аммо зарар чекланган даражада қолган, шунингдек, ҳаво мудофаа тизимлари асосий зарбани муваффақиятли қайтарган. Исроил зарбалари оқибатида камида тўрт эронлик ҳарбий хизматчи ва бир тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.
Шунингдек, Эрон Қуролли кучлари бош штаби Исроил Эронга зарба бериш учун АҚШ армияси назорати остидаги Ироқ ҳудудидан фойдаланганини маълум қилганди. Исроил разведкаси Эрон ҳам яҳудий давлати томонидан яқинда амалга оширилган ҳужумга жавобан Ироқ ҳудудидан жиддий зарба бермоқчи эканини маълум қилди.
Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий 28 октябрь куни Миллий хавфсизлик олий кенгашига Исроилга қарши жавоб зарбаси режасини тайёрлашни буюрди.
LiveБарчаси
04 Ноябрь