Ярим асрлик қарор: АҚШ Эронга зарба берди

Таҳлил

Бир ҳафтадан бери давом этаётган Эрон-Исроил урушига АҚШ ҳам қўшилди. Америка самолётлари Эрондаги учта ядровий объект – Фордо, Натанз ва Исфахонга зарба берди. Президент Трамп Эронга ҳужум қилиш ёки қилмаслик бўйича қарорни икки ҳафта ичида қабул қилиши айтилганди. Бироқ бундай жиддий қарорга келиш учун Трампга икки кун етарли бўлди.

“Reuters” агентлигининг ёзишича, Эрон  ядро объектларига зарба беришда АҚШнинг B-2 бомбардимончи самолётлари фойдаланилган. Бунгача АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг B-2 яширин бомбардимончи самолётлари Миссури штатидаги Уайтмен ҳарбий-ҳаво кучлари базасидан ҳавога кўтарилгани ва, эҳтимол, Тинч океанининг ғарбий қисмидаги Гуам оролида жойлашган Андерсон ҳарбий-ҳаво кучлари базасига йўл олгани хабар қилинганди.

Бу учоқ GBU-57 бункер ёрар бомбани ташиши ва мазкур бомба 61 метргача чуқурликдаги бункерларга, жумладан, Фордодаги уранни бойитиш заводига ҳам ҳужум қилиш мумкинлиги айтилаётганди. Аммо кўпчилик Фордодаги уранни бойитиш заводи 60 метр эмас, балки 80-90 метр чуқурликда жойлашгани, GBU-57 эса унга етиб бора олмаслигини тахмин қилганди. 22 июнь кунги зарбада эса “Fox News” маълумотларига кўра, Фордога ҳужумда олтита бункер бомбалари ишлатилган, бошқа объектларда эса 30 та Tomohawk қанотли ракеталари учирилган.

Трамп Эронга берилган зарбаларни жамоаси билан Оқ уйдаги Situation Room’дан назорат қилиб турди. Оқ уй Situation Room’дан олинган суратларни эълон қилди.

АҚШ ҳужуми тугагач, ижтимоий тармоқларда фаол бўлишни хушлайдиган Президент Трамп ўзининг Truth Social тармоғида пост қолдириб, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари самолёти Эрон ҳаво ҳудудини тарк этганини маълум қилди.

“Биз Эрондаги учта ядровий майдонга – Фордо, Натанз ва Исфахонга жуда муваффақиятли ҳужумни якунладик. Ҳозирда барча самолётлар Эрон ҳаво ҳудудидан ташқарида. Тўлиқ бомба юки асосий жой Фордога ташланди. Барча самолётлар уйларига эсон-омон қайтмоқда. Буюк америкалик жангчиларимизни табриклаймиз. Дунёда буни қила оладиган бошқа армия йўқ. ТИНЧЛИК ВАҚТИ БЎЛДИ!”, деб ёзган Америка раҳбари.

У мазкур ҳужумни Америка Қўшма Штатлари, Исроил ва бутун дунё учун тарихий лаҳза эканини қўшимча қилди. Унинг айтишича, “Эрон энди бу урушни тугатишга рози бўлиши керак”. Шунингдек, у Эронга таҳдид қилиб, агар АҚШдан қасос олишга уриниш бўлса, бу бугунгидан-да кўпроқ куч билан қарши олинишини айтди.

Эронга ҳужум қилиб бўлингач, Трамп Америка халқига ҳам телевизион мурожаат йўллади ва “Зарбалар ажойиб ҳарбий муваффақият бўлгани”ни айтди. У Эроннинг асосий ядровий бойитиш иншоотлари бутунлай йўқ қилинганини таъкидлади. 

Уч дақиқадан сал кўпроқ давом этган нутқида Трамп Эроннинг келажаги “тинчлик ёки фожиа” бўлишини ва АҚШ ҳарбийлари томонидан зарба берилиши мумкин бўлган бошқа кўплаб нишонлар борлигини қўшимча қилди.

“Агар тинчлик тезда келмаса, биз аниқлик, тезлик ва маҳорат билан бошқа нишонларга борамиз”, деди у.

CBS News’нинг хабар беришича, 21 июнь куни АҚШ дипломатик йўл билан Эронга мурожаат қилиб, зарбалар АҚШнинг барча режалари эканини ва у режимни ўзгартиришни мақсад қилмаганлигини айтган. Эроннинг Қум провинцияси инқирозга қарши департаменти вакилининг сўзларига кўра, “Фордо ядровий иншооти ҳудудининг бир қисми ҳаво ҳужумига учраган”. Бироқ айни пайтда Қум шаҳри аҳолиси учун Фордо ядровий мажмуаси ҳудудида ҳеч қандай хавф йўқ. Саудия Арабистони ҳам АҚШнинг Эронга ҳужумидан кейин подшоҳлик ёки Форс кўрфазидаги бошқа араб мамлакатларида радиация излари топилмаганини билдирди.

Эрон давлат телевидениеси сиёсий директори ўринбосари Ҳасан Абедини жонли эфирда Эрон учта ядровий объектни “бирмунча вақт олдин” эвакуация қилганини айтди. Абединининг сўзларига кўра, Эрон “жиддий зарар кўрмаган, чунки материаллар аллақачон олиб чиқилган”.

Халқаро атом энергияси агентлиги ҳам 22 июнь куни Эроннинг АҚШ зарбалари натижасида нишонга олинган учта ядровий объектида радиация даражасининг ортиши кузатилмаганини маълум қилди.

АҚШнинг Эрон Исроил урушига аралашиши мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам шок хабар сифатида қабул қилинди.  

Трампнинг бундай кескин қарори АҚШда сиёсий бўронни келтириб чиқарди. Капитолий тепалигидаги катта республикачилар Трампни қўллаётганига қарамай, демократлар уни қонунни бузишда, Конституцияни бузишда ва АҚШни Яқин Шарқдаги янги можарога олиб киришда айбламоқда.

Масалан, Виржиния штатидан сенатор, Сенатнинг Разведка бўйича сайланган қўмитасининг етакчи демократи Марк Уорнер – бошқа демократлар сингари, зарбадан хабардор бўлмаган. У Трампнинг Эронга зарба бериш қарорини “Конгресс билан маслаҳатлашмасдан, аниқ стратегиясиз, разведка ҳамжамиятининг изчил хулосаларини ҳисобга олмасдан ва Америка халқига ҳеч нимани тушунтирмасдан” қабул қилгани учун қоралади.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, АҚШ миллий разведкаси раҳбари Тулси Габбард март ойида Эрон ҳеч қандай ядровий қурол ишлаб чиқмаётганини маълум қилганди. Трамп эса июнь ойида Исроилнинг Эронга зарбасидан сўнг, Габбард адашганини айтди. 

АҚШ ҳужумига халқаро муносабатга келадиган бўлсак, айримлар уни олқишламоқда, айримлар эса қоралаб, Эрон ядровий объектларига зарба бериш масъулиятсиз қадам бўлганини айтмоқда. Масалан, ҳужумдан сўнг Трамп билан қўнғироқлашган Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШнинг ҳаракатини кўкларга кўтариб олқишлаяпти. 

“Табриклаймиз, Президент Трамп. Сизнинг Эрон ядровий иншоотларини Қўшма Штатларнинг даҳшатли ва адолатли қудрати билан нишонга олиш ҳақидаги дадил қарорингиз тарихни ўзгартиради ... Президент Трамп дунёдаги энг хавфли режимни дунёдаги энг хавфли қуролларни инкор этиш учун ҳаракат қилганини тарих қайд этади”, деди Нетаньяху.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш эса бундай ҳаракатларнинг оқибатларидан хавотирга тушаётганини билдирди.

“Бугун АҚШнинг Эронга қарши куч ишлатганидан қаттиқ хавотирдаман. Бу аллақачон уруш ёқасида турган минтақада хавфли кучайиш ва халқаро тинчлик ва хавфсизликка бевосита таҳдиддир. Бу можаронинг тезда назоратдан чиқиб кетиши, тинч аҳоли, минтақа ва дунё учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши хавфи ортиб бормоқда. Мен аъзо давлатларни кескинликни пасайтиришга ва БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа қоидалари бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга чақираман. Ушбу хавфли соатда тартибсизлик спиралининг олдини олиш жуда муҳимдир. Ҳарбий ечим йўқ. Олдинга ягона йўл – дипломатия. Ягона умид – тинчлик”, деди у.

Ўз навбатида, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Теҳрон АҚШнинг "ғазабли" зарбаларига жавоб беришнинг барча имкониятларини ўзида сақлаб қолишини айтди.

"Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган Қўшма Штатлар Эроннинг тинч ядровий иншоотларига ҳужум қилиб, БМТ Низоми, халқаро ҳуқуқ ва НПТ қоидаларини қўпол равишда бузди. Бугун эрталаб содир бўлган воқеалар даҳшатли ва абадий оқибатларга олиб келади. БМТнинг ҳар бир аъзоси бу ўта хавфли, қонунга зид ва жиноий хатти-ҳаракатлардан хавотирда бўлиши керак. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми ва унинг ўзини ҳимоя қилиш учун қонуний жавоб беришга имкон берувчи қоидаларига мувофиқ, Эрон ўз суверенитети, манфаатлари ва халқини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни сақлаб қолади", деб ёзди вазир Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

АҚШ зарбасидан кўп ўтмай Эрон Исроилга ҳужум қилди. Исроил ҳарбийлари Эрон мамлакат томон ракеталарнинг янги тўлқинини отганини айтиб, одамларни бошпана олишга чақирди. Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ҳам огоҳлантириш билан чиқди ва Исроилдаги ўзбекистонликларни яна бир бор хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга, мамлакатда бўлиш вақтида эҳтиёткорликни оширишга ва ракета отишмалари пайтида бошпаналарни тарк этмасликка чақирди. 

ЦАХАЛ матбуот хизмати хабарига кўра, 22 июнь соат 03:45 дан 23 июнь 8:00 гача мамлакатда хавфсизлик бўйича янги чекловлар жорий этилди. Бу қарор мамлакатдаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан қабул қилинди.

Шунга мувофиқ барча таълим муассасалари ўз фаолиятини тўхтатади. Барча ишлаб чиқариш корхоналари ёпилади, фақат ҳарбий ва тинч аҳоли эҳтиёжлари учун зарур бўлган тармоқлар бундан мустасно. Иш жойига бориш тақиқланади.

АҚШнинг Эронга зарбасидан сўнг Қосим Сулаймонийнинг мероси бўлган "Қаршилик ўқи" ҳаракати жонланди. Тўғри, айни дамда “Ҳизбуллоҳ” анча заифлашган. Аммо ҳусийлар АҚШ иқтисодиёти ва унинг манфаатларига зарба беришда давом этиши мумкин. Эроннинг Ямандаги мазкур прокси гуруҳи урушга қўшилганини эълон қилди. Улар бу борада Эрондан рухсат сўраб ўтирмаслигини маълум қилди. Ҳусийлар АҚШ кемаларини ўзларидан узоқроқ туришга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Дональд Трамп Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг