Эрон иккита шарт билан Ҳормузни очишга тайёрлигини эълон қилди
World
−
18:50 2734 2 minutes
Эрон агар АҚШ ҳарбий босимни юмшатса ва Эрон портларидан блокадани олиб ташласа, етти кун ичида Ҳормуз бўғизини очишга тайёр. Бу ҳақда “Reuters”га исми ошкор қилинмаган юқори мартабали Эрон мулозими маълум қилди.
“АҚШ масалани дипломатик йўл билан ҳал қилиш ниятида эканини эълон қилиши, буни расман амалга ошириши, сўнгра ушбу жараённи илгари суриш муддатлари ва тартибини келишиб олиши керак. БМТ Бош Ассамблеяси – бу АҚШ учун дипломатияга қайтишнинг ажойиб имкониятидир”, дейди Эрон мулозими.
Шунингдек, у БМТ Бош Ассамблеясидаги Эрон делегацияси ҳозирда Нью-Йоркда эканини ҳамда АҚШ билан маслаҳатлашувларни қайта бошлаш ваколатларига эга эканини қўшимча қилган.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 20 сентябрь куни Эрон марказий ҳарбий қўмондонлиги АҚШ минтақа мамлакатлари қўллаб-қувватлови остида ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашга тайёргарлик кўраётгани ҳақида маълумот олганини маълум қилган ва бу Теҳрон томонидан “чекловларсиз ва ҳеч нарсага қарамасдан” жавоб чораларига олиб келишидан огоҳлантирган.
Шунга қарамай, Эрон томони мулоқотдан воз кечаётгани йўқ. “Reuters” ҳавола қилаётган Эрон мулозимининг сўзларига кўра, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Теҳрон воситачилар орқали АҚШга Вашингтон билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги келишув тафсилотларини топширган. Ушбу тафсилотлар Нью-Йоркда учинчи томонлар воситачилигида муҳокама қилиниши мумкин. “Reuters” манбасининг сўзларига кўра, БМТ қароргоҳида икки мамлакат раҳбарлари ўртасида шахсий учрашув ўтказилиши режалаштирилмаган.
Нашр манбаси Теҳронда нима учун айнан Ҳормуз бўғизини очиш учун етти кун ҳақида гапирилаётганига аниқлик киритмаган. Эрон томонига бўғозни миналардан тозалаш учун шунча вақт керак бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Маълумот учун, жорий йилнинг февраль ойида АҚШ ва Исроил томонидан Эронга қарши ҳарбий кампания бошлангунига қадар Ҳормуз бўғози орқали ўтиш эркин ва хавфсиз эди. Эрон АҚШ ва Исроил томонидан қилинган тажовузга жавобан уни тўсиб қўйди, оқибатда трафик урушдан олдинги даражага нисбатан 90 фоизга камайди. Ҳозирги даврда икки томон ўртасидаги музокаралар жараёнида кўзга ташланадиган силжишлар кузатилмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси вакили Ҳусайн Моҳебий Эрон АҚШ томонидан ҳужумлар қайта бошланган тақдирда, янги қуролларни қўллаган ҳолда илгари зарба берилмаган Америка объектларига ҳужум қилишини айтган эди.
Live
All