Эрон АҚШнинг 1 млрд долларлик дронларини йўқ қилди
Олам
−
22 Май 2955 2 дақиқа
АҚШ Эрон билан бошланган урушдан бери MQ-9 Reaper туридаги разведка ва зарба берувчи дронларининг 20 фоизигача қисмини йўқотган. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Маълумотларга кўра, уруш бошланганидан буён АҚШ камида 24 та, эҳтимол 30 тагача MQ-9 дронидан айрилган. Бунга уриб туширилган ҳамда шикастланиш сабабли хизматдан чиқарилган аппаратлар ҳам киради.
Ҳар бир MQ-9 Reaper дрони тахминан 30 миллион доллар туради, шу сабабли умумий зарар максимал ҳисобда 1 миллиард долларга яқинлашади.
MQ-9 Reaper – разведка ва кузатув учун ишлатиладиган, шунингдек ракета ва бошқариладиган бомба олиб юришга қодир дрон ҳисобланади.
Хабарда айтилишича, АҚШда бу модель энди тўлиқ ишлаб чиқарилмайди, фақат айрим модернизация қилинган вариантлар мавжуд. Унинг ўрнига кам миқдорда «Авенгер» дронлари ишлаб чиқарилган.
MQ-9 Reaper аввал Ироқ, Афғонистон, Африка, Яқин Шарқ ва ҳатто Қора денгиз ҳудудида ҳам кенг қўлланилган. У 2020 йилда Эрон генерали Қосим Сулаймонийни йўқ қилиш операциясида ҳам ишлатилган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Исроил жорий йилнинг 28 февраль куни Эрон ҳудудидаги объектларга зарба беришни бошлаган эди. Ушбу тажовуз қурбонлари сони 3 минг кишидан ошиб кетди. Вашингтон ва Теҳрон 8 апрель куни ўт очишни тўхтатиш ҳақида эълон қилди. Шундан сўнг Исломободда бўлиб ўтган музокаралар натижасиз якунланди. Жанговар ҳаракатлар қайта бошлангани ҳақида хабар берилмаган бўлса-да, Қўшма Штатлар Эрон портларини блокада қилишни бошлади.
Live
Барчаси