Эрон АҚШга янги таклиф юборди
Олам
−
09:27 6663 2 дақиқа
Эрон АҚШга Ҳормуз бўғозини кемалар ҳаракати учун очиш ва урушни якунлаш бўйича янги таклиф юборди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Axios” хабар берди.
Маълумотларга кўра, ушбу таклиф Покистон воситачилари орқали етказилган. Унда узоқ муддатли ўт очишни тўхтатиш режимини узайтириш ёки урушни тўлиқ тугатиш бўйича келишув тузиш назарда тутилган. Шу билан бирга, Эрон ядро дастури бўйича музокараларни кейинроқ муддатга қолдиришни таклиф қилган.
Хабарда айтилишича, АҚШ томони таклифни қабул қилиб олган, бироқ унга қандай жавоб берилиши ҳозирча номаълум.
Бугун, 27 апрель куни Дональд Трамп Оқ уйда Эрон масаласи бўйича йиғилиш ўтказиши кутилмоқда. Унда музокаралардаги боши берк кўча ва Вашингтоннинг кейинги қадамлари муҳокама қилинади.
Манбаларга кўра, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Исломободдаги учрашувларда ядро дастури мавзусини вақтинча четлаб ўтиш масаласини кўтарган. У воситачилар – Покистон, Миср, Туркия ва Қатарга Эрон раҳбарияти ичида АҚШ талабларига қандай жавоб бериш борасида якдил фикр йўқлигини билдирган.
АҚШ эса ўз навбатида Эрондан уран бойитишни тўхтатиш ва мавжуд захираларни мамлакатдан олиб чиқишни талаб қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг махсус вакили Стив Уиткофф ва куёви Жаред Кушнернинг Покистонга сафарини бекор қилишга қарор қилгани ҳақида хабар берилган эди. Шу сабабли Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ делегацияси билан учрашув ўтказмасдан Покистонни тарк этган.
Live
Барчаси