Эрон Ҳормуз бўғозини яна ёпиб қўйди
Олам
−
08:24 6007 2 дақиқа
Эрон Исроилнинг Ливанга қилган ҳужумларига жавобан Ҳормуз бўғозини ёпди. Бу ҳақда кеча, 8 апрель куни “Fars” хабар берди.
Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) билан алоқадор бўлган “Fars”нинг хабар беришича, 8 апрель куни иккита нефть танкери Эрон рухсати билан бўғоз орқали ўтган бўлса-да, эндиликда ҳаракат тўхтатилган.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил томонидан амалга оширилган авиазарбалар тўлқини оқибатида камида 112 киши ҳалок бўлгани ва 837 киши жароҳатланганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) ҳозирги кескинлик бошланганидан бери “Ҳизбуллоҳ” объектларига энг йирик зарбалар сериясини бергани маълум бўлган эди.
Жорий йилнинг 7 апрель куни АҚШ Президенти Дональд Трамп АҚШ ва Эрон Покистон илтимосига биноан 2 ҳафталик сулҳга эришгани ҳақида эълон қилди. Трамп Эрон Ҳормуз бўғозини тўлиқ, дарҳол ва хавфсиз очишга рози бўлиши шарти билан Эронга қарши бомбардимон ва ҳужумларни икки ҳафта муддатга тўхтатишга рози эканини билдирган. Шунингдек, у Эрондан 10 банддан иборат таклиф олганини ва уни музокаралар олиб бориш учун мақбул асос деб ҳисоблашини қайд этган.
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Эрон ва АҚШ рози бўлган ўт очишни тўхтатиш “Ливанда ва ҳамма жойда” амал қилиши кераклигини айтганди. Бироқ Исроил бу баёнотни рад этмоқда. Хусусан, сулҳ эълон қилингандан кейин ҳам Ливан жанубида жойлашган Ал-Калаила аҳоли пункти яқинида Исроил дрони тез ёрдам машинасига зарба берди. Ҳужум оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди.
Live
Барчаси