Эрон ҳам АҚШдек ҳарбий машғулотлар ўтказади

Олам

image

Эрон Ҳормуз бўғозида икки кунлик ҳарбий машғулотлар бошланишини эълон қилди. Бу ҳақда 31 январь куни “Al Jazeera” телеканали хабар берди.

Машғулотлар Ҳормуз бўғози ҳудуди, шунингдек Форс ва Уммон кўрфазларига туташ денгиз зоналарини қамраб олади. Бироқ Эрон расмийлари ушбу машғулотларда қайси ҳарбий куч ва техникалар иштирок этишини ҳозирча очиқламаган.

АҚШ Қуролли кучларининг Яқин Шарқдаги Марказий қўмондонлиги Эрон ҳарбийларига огоҳлантириш билан чиққан. Унда АҚШ томони америкалик ҳарбий кемалар устидан хавфли парвозлар ёки Эрон катерларининг тўқнашув йўналишида яқинлашуви каби маневрларга йўл қўйилмаслигини таъкидлаган.

АҚШ баёнотида Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига денгиз машғулотларини хавфсиз ва профессионал тарзда ўтказиш, халқаро сув ҳудудларида эркин кемалар қатнови учун ортиқча хавф туғдирмаслик чақириғи билдирилган.

АҚШ қўмондонлигининг таъкидлашича, Америка ҳарбийлари, минтақавий ҳамкорлар ёки тижорат кемалари яқинида ҳар қандай хавфли ва нопрофессионал ҳаракатлар тўқнашув, кескинликнинг кучайиши ва минтақадаги беқарорлик хавфини оширади.

Маълумки, айни кунларда АҚШ ҳам Яқин Шарқда ўзининг қўшин ва қуролларини тўплаб қўйган. Кўпчилик таҳлилчиларнинг айтишича, АҚШнинг “ҳарбий машғулот”ларининг охири урушга уланиб кетади. Эрон ичида ҳам бунга ишонилади, чунки АҚШ техникалари Эронни тўрт томондан ўраб олган. Мамлакат расмийларига кўра, АҚШнинг ҳар бир нотўғри ташлаган қадами ўзи учун жуда қимматга тушиши мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён АҚШ музокараларни давом эттириш учун “камситувчи шартлар” қўяётганини ва Эрон бундай шартларни қабул қилмаслигини маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, Эрон на таҳқирга, на заифликка йўл қўймайди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Уммон Ҳормуз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг