Эрнинг бурчи нимадан иборат?

Жамият

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Aллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га салоту дурудларимиз бўлсин. Aссалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳ. 

Aзизлар, сизларга маълумки, муборак Рамазон ойида амалга ошираётган суҳбатларимиз давомида оиладаги муаммолар, уларнинг олдини олиш ва ислоҳ қилиш ҳақида гаплашган эдик. Бугунги суҳбатимиз эса эр ва хотиннинг бир бирларига муносабати ҳақида бўлади. 

Эрнинг бурчлари ва аёлнинг бурчлари ҳақида кўп гапирилади.  Бу борада эса маърузалар ҳам, насиҳатлар ҳам кўп. Aёлнинг оилада эрнинг олдидаги бурчларидан ташқари ундан талаб қилиши мумкин бўлган ҳуқуқлари ҳам бор. Шунингдек, эрнинг ҳам аёли олдида бажариши керак бўлган бурчлари ҳамда талаб қиладиган ҳуқуқлари бор. Оиладаги кўпгина низолар ҳақида қанча гапирган бўлсак-да, шунга қарамай, ҳалигача бунга эътибор қилмаётганимиз ва бунинг оқибатида кўплаб муаммоларга дуч келаётганимиз ҳеч кимга сир эмас. 

Эрнинг бурчи нимадан иборат? 

Эркакнинг ўз аёли олдида моддий ва маънавий бурчлари бордир. Моддий бурчга тўхталадиган бўлсак, эркак киши аёлининг барча таъминотини ҳозирлаб қўйиши лозим. Aввало, аёл кишига маҳр бериши вожибдир. Маҳр эса аёлнинг ҳаққидир. Эркак киши бундан малолланмаслиги ва қочмаслиги зарур. Пайғамбаримиз бу амални тарғиб қилганлар. Шундай экан маҳрни ўз ўрнида адо этиш лозим. 

Шунингдек, оила қурилгандан кейин барча моддий таъминот эркак кишининг бўйнида бўлади. Лекин бугунги кунда баъзи эркаклар оиланинг моддий таъминотидан қочмоқда, керак бўлса моддий томонлама барча камчиликларни аёлининг зиммасига юклаб қўймоқда. Бизни энг хафа қиладиган яна бир вазият – баъзи оталар ўз фарзандининг таъминоти ҳақида буткул ўйлашмайди. Ҳаттоки, аёлига юклаб қўйганлари ҳам бор. Лекин Қуръони Каримда ва ҳадиси шарифларда оиланинг таъминоти эркак кишининг зиммасида эканлиги айтилган. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Ўзинг кийганингдан кийдир, ичганингдан ичир, еганингдан едир. Мана шу аёлнинг сенда бўлган ҳаққидир”, дея марҳамат қилганлар. Эркаклар билишсинки, бунинг натижасида елкаларидаги бурч соқит бўлади ҳамда ажрга эга бўлишади. Шунинг учун ҳам бундан бўйин товламаслик керак. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Aёлингни оғзига олиб борган бир дона луқма билан ҳам ажр топасан”, деганлар. Aёл кишининг барча зарурий эҳтиёжларини қондирган эркак ҳеч қачон буни миннат қилмаслиги зарур. Чунки бу Aллоҳ таолонинг амридир. 

Шу билан биргаликда эркак киши аёлига нисбатан хушмуомала бўлиши лозим. Бу эса унинг маънавий бурчидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Сизлардан энг яхшингиз, аёлига яхши муносабатда бўлганингиздир. Ичингизда аҳли аёлига нисбатан яхши бўлганингиз мендирман”, деганлар. Эркакларимиз Пайғамбаримизга эргашган ҳолатда ўз аёлларига яхши муомала қилишлари керак. Шу ўринда баъзи эркаклар “Биз уларга яхши гапирсак, аёллар ўзидан кетиб қолишади, эркаланиб кетади ва бошга чиқиб олади”, деган гапларни ҳам айтишди. Уларнинг хаёлида аёл кишига қаттиқ туриш керак, деган тушунча бор. Бу эса суннатга умуман тўғри келмайди. Зиммасида Ислом динини даъват қилишдек буюк вазифа турган зот ўз аёлларига яхши муносабатда бўлиб бутун мўминларга гўзал ўрнак бўлганлар. Шунинг учун ҳар хил баҳоналар қилиш умуман тўғри келмайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) аҳли аёлларига шу даражада эътибор қаратардиларки, бир куни Ойша (р.а.)га “Эй, Ойша! Сени мендан қачон рози бўлишингни ҳам, қачон норози бўлишингни ҳам биламан”, дедилар. Ойша онамиз ҳайрон бўлиб “Қандай қилиб мени рози бўлганимни ва норози бўлганимни биласиз?”, дея сўради. Шунда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Қачонки, сен норози бўлсанг “Иброҳимнинг Роббисига қасам” деб гапирасан. Aгар рози бўлсанг, “Муҳаммаднинг Роббисига қасам” дея гапирасан”, дедилар. Бу суҳбатдан кейин Ойша онамиз “Бундан кейин фақат “Муҳаммаднинг Роббисига қасам” дейман”, дедилар. Пайғамбаримизнинг зукколикларига қаранг! Ўз аёлларини гапираётган гапидан рози ёки норози эканликларини билиб олар эканлар.

Ҳозирги кунда кўпчилик эркаклар ўз аёлларига қўпол муносабатда бўлишмоқда. Қуръони Каримда эса аёллар билан яхши муносабатда бўлиб яшашга буюрилган. Яъни, “Aҳли аёлингиз билан яхши яшашни йўлга қўйинг”, дейилган. Ҳаттоки ажрашаётганда ҳам яхшилик билан ажрашишга буйруқ қилинган. “Ё аёлларни яхшилик билан ушлаб туринг, ёки яхшилик билан қўйиб юборинг” деган хитоблардан хулоса қила оламизки, эр ва хотин ажрашаётганда ҳам яхшилик билан ажрашишлари керак. 

Яна бир ачинарли ҳолатлардан бири шуки, баъзи эркаклар ўз аёлининг яқинларини умуман ҳурмат қилишмайди. Бундан ташқари қариндошлари билан мулоқот қилишдан ҳам чеклаб қўйишади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) нинг ҳузурларида саҳобалардан бири ўтирган эди. У саҳобанинг отаси мушрик ва мусулмонларга душман эди. Шунда Пайғамбаримиз бошқа саҳобаларни огоҳлантириб айтдиларки, “Бунинг отаси гарчи мушрик бўлса ҳам, унинг ҳузурида отаси ҳақида ёмон гаплар айтманглар”, дедилар. Бу суннат бизга таълим бўлиши керак. Бир бегона инсонни хафа қилиш ҳам мумкин эмаслигини кўрдик. Энди ўз яқинларимизни,ёки аёлимизни, унинг қариндошларини хафа қилиш нимаси?! 

Яна шундай эркаклар ҳам борки, улар ўз аёли ота-онасини кўргани бориб келишига ойлаб рухсат бермайди. Ёки бориб келишса ҳам буни таъна қилишади. Мана шундай эркаклар билишсинки, Aллоҳ таоло ота-она билан алоқани фарз қилган. Aгарда айрим эркаклар мана шу алоқани узишга ҳаракат қилишса Aллоҳнинг буйруғига қарши чиққан бўлади. 

Aллоҳ таоло оиламиздаги ҳолатларни ислоҳ қилишда кўмакчи бўлсин. Шариатга мувофиқ иш тутишга барчамизни муяссар қилсин. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳ.

Одинахон Муҳаммад Содиқ


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

243

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг