Коррупцияга қарши курашнинг аҳволи “Transparency International”нинг фикри билан чегараланмайди – Йўлдошев
Жамият
−
23 Август 2019
5436Ўзбекистоннинг коррупция бўйича халқаро рейтинглардаги ўрни анча паст ва бу мамлакатнинг халқаро майдондаги имижига таъсир ўтказади. Аммо Ўзбекистон коррупцияга қарши курашда биргина ташкилотнинг фикри билан чегараланиб қолмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида таъкидлаб ўтди.
“Transparency International” деган халқаро нодавлат ташкилоти бор. Ўтган йили ўша ташкилотнинг индекслари бўйича Ўзбекистон Республикаси йил якунида 158-ўринни эгаллагани тўғри. Бу рейтингнинг ҳам халқаро майдондаги имижимизга таъсири борлиги – факт.
Сўнгги икки йилда ислоҳотларни бутун дунё кўриб турибди, қувватлаяпти. Лекин пировардида ислоҳотларнинг самараси истасак-истамасак коррупцияга қарши кураш билан боғлиқ ҳолда ўлчанади.
Шунинг учун ҳам, давлатимиз раҳбари республикада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчасида уларга халақит қилиши мумкин бўлган коррупцион омилларни бартараф қилинглар, томири билан йўқотинглар, деган вазифани қўйган. Президентимиз имзолаган “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни, Коррупцияга қарши кураш дастури, ҳукуматимизнинг Истанбул ҳаракатлар режаси билан боғлиқ ишлаб чиққан йўл хариталаридан мақсад ҳам шу”, деди Эркин Йўлдошев.
Бош прокурор ўринбосарининг таъкидлашича, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашнинг аҳволи фақатгина “Transparency International”нинг фикри билан чегараланиб қолмайди.
“Дунёда бошқа рейтинглар ҳам кўп. Энг асосийси, бизни қизиқтираётгани, биз учун муҳим бўлгани – Ўзбекистонда коррупцияга муросасиз муҳит шаклландими, шаклланяптими, ижобий ўзгариш бўляптими, деган саволга жавоб топиш.
Коррупция билан профессионал шуғулланувчи Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт халқаро ташкилоти бор. Шу ташкилот шу йил бошида Ўзбекистонга келиб, махсус мониторинг ўтказди ва ўзининг ҳисоботида: “Ўзбекистонда коррупцион факторларни бартараф қилишда жиддий силжиш бор”, деган эътирофни айтди.
Бу эътирофни шу ташкилотнинг раҳбари Парижда бўлган 24-кенгайтирилган йиғилишда ҳам алоҳида таъкидладики, Ўзбекистонда русча айтганда жиддий “прорыв”, жиддий силжиш бўляпти, деб бизнинг мамлакатимизни қатнашаётган давлатлар ичида алоҳида таъкидлаб қўйди.
Улар ўтган йили 21 та мана шундай рейтингга тушадиган тавсиялар берган бўлса, бу тавсияларнинг барчаси бажарилгани қайд этилди. Шу билан биргаликда, яна 47 та янги тавсия берилди – улар бажариляпти”, деди Эркин Йўлдошев.
Прокурор сўзида давом этиб, халқаро баҳолар, рейтинглар муҳим, лекин энг асосийси – Президентнинг сўнгги фармони билан, коррупцияга қарши кураш бугунги кунда чинакамига давлатнинг сиёсати даражасига кўтарилиб турганини таъкидлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь