Эрдўған немис ОАВсини Туркияга таҳдид қилмасликка чақирди

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Берлиндаги матбуот анжумани чоғида немис журналистига кескин жавоб қайтарди ва уни Туркияга таҳдид қилмасликка чақирди.

DPA мухбири Эрдўғанга НАТО аъзоси сифатида Туркия турли халқаро мавзуларда ўз иттифоқчиларидан фарқ қиладиган позицияни қандай эгаллаши мумкинлиги ҳақида савол берди.

Шунингдек, у Берлин Анқарага Eurofighter Typhoon қирувчи самолётларини сотадими ёки йўқлигини сўради.

"Биринчидан, Туркия НАТОдаги етакчи давлатлардан бири, биз кучли бешликка кирдик. Туркия НАТОда оддий давлат эмас. Айни дамда НАТОда қандай фикр ва қарашлар бўлишидан қатъи назар, Россия ва Украина ўртасидаги можарода ким қайси томонда? Улар Украина томонида. Туркия ўлароқ биз ҳам Украина, ҳам Россия билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Аммо айнан биз ғалла йўлаги бўйлаб Европа ва Африкага 33 миллион тонна ғалла ташиган эдик”, деб эслатди Эрдўған.

Туркия раҳбари қирувчи самолётлар ҳақидаги саволни таҳдид деб тушунди.

"Германия қирувчи самолётларни сотадими? Дунёда қирувчи самолётлар ишлаб чиқарадиган ягона давлат Германиями? Кўп давлатлар бу борада ишламоқда. Туркия ҳозирда учувчисиз самолётлар бўйича етакчи давлатлардан бири. Матбуот вакили сифатида бизга бу билан таҳдид қилишингизга эҳтиёж йўқ. Бизга виждонан саволлар беринг, биз сизга шу нуқтаи назардан жавоб берамиз”, деб маслаҳат берди Туркия Президенти журналистга.

Шунингдек, Эрдўған немис оммавий ахборот воситалари вакилининг “Ғазо секторидаги черковларнинг ўққа тутилиши” ҳақида қайғурмаслигидан ҳайратда қолганини айтди.

"Исроил минглаб фаластинликларни ўлдирмадими? Ўлдирди. Шифохоналарни вайрон қилдими, ибодат жойларини, черковларни урдими? Мусулмон сифатида мен бундан хавотирдаман. Христиан сифатида сиз бу черковларнинг ўққа тутилишидан ташвишланмайсизми? Нега уларга қарши гапирмайсиз? Биз учун яҳудий, насроний ва мусулмон ўртасида фарқ бўлмаслиги керак. Мен антисемитизмга қарши курашган биринчи раҳбар эдим”, деган Туркия раҳбари.

Матбуот анжумани Берлинда Эрдўғаннинг Германия канцлери Олаф Шольц билан музокаралари арафасида бўлиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг