Эрдўғаннинг рафиқаси АҚШ Мусулмон Ташкилотлари Кенгашининг мукофотини олди
Олам
−
20 Сентябрь 2022
3826Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси – мамлакат биринчи хоними Эмина Эрдўған АҚШ Мусулмон Ташкилотлари Кенгаши томонидан таъсис этилган “Халқаро муваффақият ва жамиятга қўшган ҳиссаси" мукофотини олди. Бу ҳақда Туркия Жумҳурияти Президентлиги сайтида хабар берилди.
Эмина Эрдўған мукофотни бутун Туркия номидан қабул қилишини ва бу мукофотни “жаҳон ҳамжамиятининг виждони” овози деб билганини таъкидлаган ва АҚШ Мусулмон Ташкилотлари Кенгашига миннатдорлик билдирган.
“Туркия дини, ирқи ва маданиятидан қатъи назар, сайёрамизнинг барча бурчакларидаги муҳтож ва мазлумларга ёрдам беради. Африкада, Сурияда, Фаластинда, Украинада биз турли одамларни эмас, балки муаммога дучор бўлган битта катта инсоният оиласи аъзоларини кўряпмиз”, дейди Туркия биринчи хоними.
Унинг қайд этишича, Туркиянинг халқаро майдондаги ёрдамлари – муҳтожларни қўллаб-қувватлашга тайёр турк халқининг виждон чақириғи.
Унинг сўзларига кўра, ҳар бир қитъада инсоният урушлар, гуманитар инқирозлар, табиий офатлар, эпидемиялар ва касалликлар кўринишидаги турли синовларни бошидан кечиради, шу боис дўст мамлакатларнинг кўмагига эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда.
“Агар 2020 йилда дунёда ҳар 45-киши йўқсилликдан азият чеккан бўлса, бу 2022 йилда ҳар 33-кишининг гарданига тушяпти. Бундай шароитда Туркия нафақат мустақил, балки БМТ орқали ҳам инсонпарварлик ёрдамини кўрсатмоқда ва унинг ҳажмини доимий равишда оширмоқда”, деган у.
Туркия раҳбарининг рафиқаси 2021 йилда Туркия 122 давлатга, хусусан, Сурия, Сомали, Фаластинга гуманитар ёрдам кўрсатганини, гуманитар операциялар ҳажми эса 7,7 миллиард долларни ташкил этганини айтган.
“Туркиянинг гуманитар ташкилотлари, асосан, Турк Қизил ярим ой жамияти, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бошқармаси ва Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги сайёрамизнинг барча бурчакларида ёрдам бериш билан бирга, инсонийлик ҳали ўлмаганини ҳам исботламоқда”, деган Эмина Эрдўған.
Маълумот учун, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмина Эрдўған ижтимоий лойиҳаларда фаол иштирок этади. У табиатни чиқиндилардан тозалаш, денгиз ва дарёларни тоза тутиш бўйича бир қатор лойиҳаларнинг ҳомийси. Мамлакат биринчи хоними 15-16 сентябрь кунлари турмуш ўртоғи билан Самарқандга келиб, Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева билан вақт ўтказди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь