Катта сиёсатда юмшоқ куч

Жамият

Бугун дунёда камдан-кам давлатлар раҳбарлари хорижий мамлакатларга бўладиган ташрифларида рафиқаларини олиб юради. Улар орасида янада кам учрайдигани – бу амалий ташрифларда давлат раҳбарларига биринчи хонимларнинг ҳамроҳлик қилиши.  

15-16 сентябрь кунлари Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.  Унда иштирок этиш учун дунёнинг 13 давлати – Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, Эрон, Мўғулистон, Туркия, Озарбайжон, Туркманистон давлат ва ҳукумат раҳбарлари Ўзбекистонга келди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистонга келган 13 олий даражали меҳмонлар орасида фақат Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Самарқандга рафиқаси – мамлакат биринчи хоними Эмина Эрдўған билан ташриф буюрди. Англаганингиздек, бугун Ўзбекистон ва Туркиянинг сўнгги 6 йил ичида ривожланиб бораётган муносабатлари ва унда биринчи хонимлар, таъбир жоиз бўлса, юмшоқ кучлар иштироки ҳақида гаплашамиз. 

Гап шундаки, кўпинча Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг хорижий сафарларида рафиқаси Эмина Эрдўған ҳамроҳлик қилади. Бироқ, бу ташриф амалга оширилаётган давлатдаги вазият, ўша давлат раҳбарининг оилавий муҳитига ҳам боғлиқ. Масалан Эрдўған ҳеч қачон рафиқаси бор-йўқлиги номаълум бўлган Путиннинг ёнига Эмина хонимни етаклаб бормайди. Шунингдек, ташриф амалга оширилаётган давлат раҳбарининг рафиқаси бўлгани билан уларнинг оилавий муносабатлари қанчалик ўрнаклиги, шунингдек, икки мамлакат биринчи хонимлари бир-бири билан қанчалик тил топа олиши, гап-гапига тушиши ҳам инобатга олинади. Шу нуқтаи назарда Эрдўған ва унинг рафиқаси Ўзбекистонга оила бўлиб, ҳатто, ўғли ва куёвларини билан келишни канда қилмайди. 

Ўзбекистон ва Туркия муносабатларига 2016 йилда совуқлик тушди. Бу 2016 йилгача, Президент Ислом Каримов вафоти ва ҳокимият тепасига Шавкат Мирзиёев келишигача давом этди. Аслида совуқ муносабатлар фақат Туркия билан эмасди. Узоққа борманг, атрофимизни ўраб турган 5 қўшни билан ҳам жиққа мушт эдик.

Хуллас, 2016 йилнинг ноябрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистонга, Самарқандга келди. Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди ва Шавкат Мирзиёев билан муносабатларни тиклаш ва янги саҳифа очиш борасида музокара ўтказди. Ўшанда Эрдўған бугунгидек, айтайлик, жорий йилнинг март ойидагидек қаршиланмаган. Ёнида рафиқаси Эмина Эрдўған ҳам йўқ эди.

Орадан бир йил ўтиб, 2017 йилнинг 25-26 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Туркияга борди. Бироқ, Президент Мирзиёевга рафиқаси – Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева ҳамроҳлик қилмади. Тўғрироғи, сафарларда ҳамроҳлик борасида анъанага ҳали старт олмаган эди. 

Анъанага Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 2018 йилда бошлаб берди. Ўша йилнинг 29 апрель – 1 май кунлари Эрдўған давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Унга рафиқаси Эмина Эрдўған ҳамроҳлик қилди. 

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг расмий учрашувидан сўнг, мамлакатлар биринчи хонимлари Зироат Мирзиёева ҳамда Эмина Эрдўған ўртасида ҳам илк учрашув бўлиб ўтди.

Сўнгра биринчи хонимлар Ўзбекистондаги энг машҳур диний-маданий марказлардан бири Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилди. Мўйи Муборак мадрасасида бўлиб, Ҳазрати Усмон Қуръони мусҳафини ҳам кўрдилар.

Расмий учрашувлар маданий тадбирларга уланиб, Президентлар Бухорони зиёрат қилдилар. Унда Ўзбекистон раҳбарининг қизлари Саида ва Шаҳноза Мирзиёевалар ҳам ҳамроҳ бўлди.

Борди-келди навбати Ўзбекистонга. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 19-20 февраль кунлари Туркия ташрифни амалга оширди. Унга сафарда Биринчи хоним Зироат Мирзиёева ҳамроҳлик қилди.

Зироат Мирзиёева Эмина Эрдўған тарафидан катта ҳурмат ва илтифот билан кутиб олинди. Давлат раҳбарлари рафиқалари билан Халқ кутубхонаси очилиш маросимида иштирок этдилар, бирга нонушта қилдилар.

Президентларнинг рафиқалари ўртасидаги анъанавий учрашув 2022 йилнинг 29-30 март кунлари давом этди. Одатда биринчи хонимлар Президентлар ташрифининг расмий қисмларида уларга ҳамроҳлик қилмайди. Бироқ, бу сафар бироз ўзгаришлар киритилди.

Президентлар рафиқалари ҳамроҳлигида Янги Ўзбекистон боғига бориб, монументга гул қўйди. Кейин биргаликда Кўксаройга келдилар.

Давлат раҳбарлари Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишини ўтказаётган вақтида Зироат Мирзиёева Эмина Эрдўғанни сумалак сайлига олиб борди. 

Эртаси куни икки давлат раҳбарлари қидимий Хивага ташриф буюрди. Аэропортда Эрдўған ва рафиқасини Шавкат Мирзиёев ва Зироат Мирзиёева кутиб олди. Ичан қалъага саёҳатда Эрдўғаннинг куёви Билол ва Мирзиёевнинг қизлари Саида ва Шаҳноза ҳам кўриниш берди. 

Сўзимиз аввалида айтганимиздек, давлат раҳбарлари одатда рафиқаларини камдан кам ҳолатларда ўзлари билан олиб юрадилар. Аммо Эрдўған қардош мамлакатларга турмуш ўртоғи билан боришни ёқтиради. Хусусан, Эмина Эрдўған турмуш ўртоғи билан тез-тез Озарбайжонга сафар қилиб, Президент Илҳом Алиевнинг рафиқаси Меҳрибон Алиева билан учрашади.

Бунда сафар давлат ташрифи бўлиши шарт эмас. Айтайлик, 2019 йилнинг октябрь ойида Бакуда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саммитига аъзо давлатлардан фақат Туркия раҳбари рафиқаси билан борган.

Улар кечки овқатда Президентлар билан бирга ўтирган. 

Кечаги ташриф ҳам анъананинг давоми бўлди. Президентларнинг рафиқалари Самарқанддаги Боқий шаҳар сайёҳлик маркази билан танишди, Конигил қишлоғида бўлиб, турихий маданият ва урф-одатлардан бохабар бўлди, тарихий қоғоз ишлаб чиқариш марказини кўздан кечирди. Уларга бу сафар Шаҳноза Мирзиёева ҳамроҳлик қилди. 

Эмина Эрдўғаннинг бу галги ташрифда адрас чопонда самолётдан чиқиб келишиёқ унинг Ўзбекистонга алоҳида тайёргарлик ва ҳурмат билан келаётганини ифода этди, десак муболаға бўлмайди. 

Умуман олганда, биринчи бор ўзбек либосларида кўриниш бераётгани йўқ. Атлас ва адраснинг ихлосманди бўлган турк биринчи хоними 2019 йилнинг 6 апрель куни Иордания қироличаси Рания Ал-Абдуллоҳ билан учрашувда ҳам ўзбек шойисидан тикилган либосда намоён бўлган.

Юмшоқ кучларнинг халқаро сиёсат майдонидаги иштироки муҳим. Ҳатто, амир Темур салтанатида ҳам ёки Султон Сулаймоннинг империясида ҳам аёлларнинг иштироки юқори бўлган. Улар илм-фан, маданият ва санъат, хайрия масалаларида изланишади, фикр алмашишади, дуёни соф табиат билан сақлаб қолиш борасида лойиҳаларда қатнашишган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

292

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг